Европада рекорд даражада қурғоқчилик кузатиляпти
Европа минтақасида август ойида ёғингарчилик даражаси кескин пасайиб кетиши айтилмоқда.
Синоптиклар қурғоқчилик оқибатида минтақадаги вазият июль ойига қараганда анча оғир кечишини тахмин қиляпти.
Европа комиссияси буйруғи билан тайёрланган ҳисоботда қурғоқчилик деярли бутун қитъага салбий таъсир кўрсатиши қайд этилган. Энг хавфли вазият Франция жанубида ҳамда Испания ва Португалия ҳудудларида юзага келаётгани хабар қилинган.
Францияда шу ёзнинг ўзида тўртинчи маротаба жазирама тўлқини кузатиладиган бўлди, дейиш мумкин. Расмийлар фикрича, юқори ҳарорат ва ёғингарчилик камлиги туфайли мамлакат тарихидаги энг ёмон қурғоқчилик рўй бериши мумкин.
Яқин кунларда Британия оролларида ҳам ҳаддан ташқари юқори иссиқлик кузатилиши хабар қилинди. Жанубий ва марказий Англияда сояда ҳарорат 35 даражадан ошиши мумкин. Англия ва Уэльсда тоза сувни тежаш учун боғлар ва сабзавот экилган далаларни шланг билан суғоришни вақтинчалик тақиқлаш жорий этилди.
Ҳисоботда, шунингдек, деярли барча Европа дарёларида сув сатҳи пастлиги қайд этилган.
Uza.uz