ҚУРУҚ МЕВАНИ ҚАЙТА ИШЛАШ ЦЕХИ ОЧИЛДИ

11 август куни Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси-Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон иш сафари доирасида “Конибодом” очиқ ҳиссадорлик жамиятининг қуруқ мевани қайта ишлаш цехини ишга туширди.
Маълум қилинишича, “Конибодом” очиқ ҳиссадорлик жамиятининг қуруқ мевани қайта ишлаш цехи маҳаллий тадбиркор Сафарали Бобиев томонидан 3 миллион сомонийдан ортиқ маблағ эвазига қурилган бӯлиб, лаборатория хонаси, буғхона, муҳандис хонаси, омборхона ва бошқа ёрдамчи иншоотлардан иборатдир.
Айтиш лозимки, “Конибодом” очиқ ҳиссадорлик жамияти узоқ йиллардан буён фаолият юритмаётганди. 12 йиллик танаффусдан сӯнг, маҳаллий тадбиркор томонидан қайтадан ишга туширилди. Эндиликда бу жамият ӯз фаолиятини кенгайтириб, қуруқ мевани қайта ишлаш билан ҳам шуғулланмоқда.
Ишлаб чиқариш цехи «Қанд сохтмон” масъулияти чекланган жамияти томонидан бунёд этилган. Қурилиш жараёнида маҳаллий аҳоли ишга жалб қилинган.
Маълум қилинишича, цехнинг ишлаб чиқариш иқтидори бир кеча-кундузда 4 тонна қуруқ мевани ташкил этади.
Хом маҳсулот асосан Ашт ноҳияси, Исфара ва Конибодом шаҳарларидан олиб келинади.
“Конибодом” очиқ ҳиссадорлик жамиятининг қуруқ мевани қайта ишлаш цехида асосан уй бекаси бӯлган 25 нафар хотин-қиз доимий иш жойи билан таъминланди. Шундай қилиб, жамият ишчиларининг сони 40 нафарга етди.
Цехда ишлаб чиқарилган маҳсулот халқаро стандартларга жавоб беради. Ҳам ички бозорда сотувга чиқарилади ва ҳам чет элга экспорт қилинади.
Маҳаллий тадбиркор Сафарали Бобиев келгусида қуруқ мевани қайта ишлаш цехи ёнида 300 тонна маҳсулот сиғадиган совутиш хонасини қуриб, ишчилар сонини оширишни режалаштирган.
Давлат Сарвари муҳтарам Эмомали Раҳмон қуруқ мевани қайта ишлаш цехини очиб, унинг фаолияти билан танишиб чиққандан сӯнг, корхона маҳсулоти кӯргазмасини томоша қилди.
Кӯргазмада “Конибодом” очиқ ҳиссадорлик жамияти цехларида ишлаб чиқарилган помидор, ӯрик ва олхӯри шарбати, томат пастаси ва бошқа маҳсулотлар қӯйилганди.