“Камолиддин Беҳзод издошлари. Тожик миниатюраси”. Шу ном остида Тожикистон Миллий музейида кўргазма очилди

11 август куни Тожикистон Миллий музейида тасвирий санъат турларидан бири – “Камолиддин Беҳзод издошлари. Тожик миниатюраси” номли миниатюралар кўргазмаси очилди ва ушбу кӯргазма 25 августга қадар давом этади.
Кўргазманинг очилишида Тожикистон Республикаси маданият вазирининг биринчи ўринбосари Обид Назариён, С. Айни номидаги Тожикистон давлат педагогика университети ректори – Аҳлиддин Ибодуллозода, Тожикистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Низом Қосим, Тожикистон техника университети вакиллари, академик М. Осими номидаги Россия ва Тожикистон Славян университети, М. Олимов номидаги Республика рассомчилик коллежи, Душанбе шаҳри дипломатик корпуси ва оммавий ахборот воситалари иштирок этдилар.
Миллий музей директори Зафаршо Иброҳимзода кўргазмани ташкил этиш ва очишдан мақсад жамиятнинг турли қатламларини тожик халқи тасвирий санъатининг ушбу тури билан яқиндан таништириш ва шу нуқтаи назардан ёшларни бадиий миниатюра машғулотларига жалб этиш эканлигини таъкидлади.
Кўргазмада Камолзода О., Ҳожиева С. Камолова Б., Жалолова П., Раҳимов Ш., Ятимов Д., Акобирова С., Палтангова Н., Садуллоэва М., Фарзонаи Ю. ва А Саъдуллоеваларнинг 80 дан ортиқ асарлари ўрин олган.
Камолиддин Беҳзод мероси ва шахси Шарқ ва Ғарб санъатшуносларининг тадқиқот объекти бўлиб, 2001-йилда ЮНEСКО ва Тожикистон Республикаси ҳукумати қарори билан унинг таваллудининг 550 йиллиги нишонланди.
Камолиддин Беҳзод номидаги рассомчилик мактаби услуби дунёнинг бир қанча мамлакатларида давом этмоқда ва бугунги кунда Тожикистон давлат тасвирий санъат ва дизайн институтида санъатнинг ушбу тури – тожик миниатюраси бўйича мутахассислар талабаларга сабоқ бермоқда.