ХУЖАНДДАГИ 1-ШАҲАР КАСАЛХОНАСИНИНГ АСОСИЙ БИНОСИ ИШГА ТУШДИ

Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси-Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон Хужанд шаҳридаги 1-шаҳар клиникавий касалхонасининг асосий даволаш биносини тўлиқ таъмирлаш ҳамда қайта қуришдан кейин ва касалхона маъмурияти биноси, тиббий тез ёрдам станцияси, миллий чойхона, меҳмонхона ва тиббий оксиген ишлаб чиқариш цехини фойдаланишга топширди.
Давлат Сарвари муҳтарам Эмомали Раҳмонга маълумот берилишича, касалхонанинг асосий даволаш биноси 50 йил фойдаланилгандан кейин биринчи марта тўлиқ таъмирланиб, замонавий тиббий учкуна ва жиҳозлар билан таъминланди ва соғлиқни сақлаш соҳаси меъёр ва талабларига мослаштирилди.
Бу ташаббус мамлакат Ҳукуматининг соғлиқни сақлаш соҳасига қаратаётган эътибори доирасида тиббий муассасалар шароитини ҳозирги замон талабларига мувофиқлаштириш учун Суғд вилояти ва Хужанд шаҳар давлат ҳокимияти ижроия органи томонидан амалга оширилиб, бир йил давомида охирига етказилди.
Хужанд шаҳридаги 1-шаҳар клиникавий касалхонасининг асосий биноси 4 қаватдан иборат бўлиб, 5600 метр квадратдан ортиқ майдонни ўз ичига олади ва у 8 бўлим, жумладан, қабул бўлими, нажот бериш ва ҳушсизлантириш (анестезия), катта ёшлилар жарроҳлиги бўлимларидан иборатдир. Бинода касалларни ётқизиш учун 227 ётоқ жойига эга бўлган 72та хона мавжуддир.
Бинонинг биринчи қаватида касалларга ташхис қўйиш ва кўрикдан ўтказишга мўлжалланган 20 хонадан ташкил топган қабул бўлими 20 хилдан ортиқ замонавий ташхис қўйиш, текшириш ва лаборатория таҳлилларидан ўтказишга мўлжалланган ускуна ва жиҳозлар билан таъминланиб, қулай тиббий шароитлар яратилган. Жумладан, компютер томографияси, рақамли рентген, ички органларни текшириш жиҳози, ултратовуш ташхиси, электрокардиограмма ва бошқалар ташхис қўйиш ҳамда кўрикдан ўтказиш ишларини юксак даражада ташкил этиш ва ўтказиш учун имкон беради.
Шунингдек, биринчи қаватда ички касалликлар, юрак касалликлари, аёллар касаллиги шифокори хоналари ва ўғил болаларни хатна қилиш хонаси ташкил этилган.
Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон бинони кўздан кечириш чоғида шифокорлар мана шу қулай шароитлардан фойдаланиб, касалларни қабул қилиш ва уларга тиббий хизмат кўрсатишни юқори даражада йўлга қўйиш ҳамда касаллар ва уларнинг қариндошлари билан муомала масаласига биринчи даражали эътибор қаратишлари зарурлигини таъкидлади.
Касалхонада ташхис, даволаш ва жарроҳлик амалиётларини замонавий усулларда ўтказиш ишлари жаҳон тиббий тажрибаларидан фойдаланган ҳолда жорий этилади. Шу мақсадда нажот бериш ва ҳушсизлантириш бўлимида биринчи марта онлайн-дистанцион тиббий маслаҳат маркази таъсис этилган. Бу марказ мамлакат пойхтахтидаги клиникалар ва бир қатор ташқи давлатлар клиникалари билан ташхис, касалнинг ҳолати, даволашнинг бориши ва шу кабилар билан боғлиқ масалаларни консилиум тарзда кўриб чиқиш учун онлайн алоқани ташкил этиш мақсадида таъсис этилган.
Бу марказда давлат Сарвари муҳтарам Эмомали Раҳмон Соғлиқни сақлаш ва аҳолини ижтимоий ҳимоялаш вазирлигининг раҳбарияти, бошқарма бошлиқлари ва соҳавий бош мутахассислари, «Шифобахш» Миллий тиббий маркази ва «Истиқлол» соғлиқни сақлаш мажмуаси раҳбарлари билан видеоконференция тариқасида суҳбатлашди.
Қурилиш ва қайта тиклаш режалари доирасида 1-шаҳар клиникавий касалхонаси ҳудудида тиббий тез ёрдам станцияси ташкил этилган бўлиб, муассаса ҳудудида янги лойиҳавий икки қаватли бино қурилган. Бу бинонинг биринчи қаватида барча шароитларга эга бўлган диспетчер маркази, шифокорлар, ходимлар ва ҳайдовчиларнинг иш ҳамда дам олиш хоналари жойлашган. Шунингдек, бино ёнида тиббий тез ёрдам станциясининг автомашиналари турадиган жой ташкил этилган.
Тиббий тез ёрдам хизматини халқаро даражага тенглаштириш учун станцияда қабул қилиш, қайдга олиш ва тез ёрдамни ташкил этишнинг рақамли бошқарув системасига уланган Диспетчер маркази ва электрон алоқа маркази таъсис этилган. Бу илғор усул тез ёрдамга мурожаат ва сўров қабул қилинган меъёрларга мувофиқ ёзиб олиниши, тартибга солиниши ва тез ёрдам машинаси юборилишини йўлга қўйиш учун имкон беради.
1-шаҳар клиникавий касалхонаси Суғд вилоятидаги асосий тиббий муассасалардан бири бўлиб, Хужанд шаҳар аҳолиси билан бир қаторда вилоятнинг бошқа шаҳар ва ноҳиялари аҳолисига ҳам тиббий хизмат кўрсатади. Талаблар ва заруратга кўра, муассаса ҳудудида касалларнинг қариндош-уруғлари ва хабар олувчилар учун ошхона, миллий чойхона ва меҳмонхона бунёд этилган ва улар бу хизматлардан фойдаланишлари мумкин.
1-шаҳар клиникавий касалхонаси асосий биносини қайта қуриш ва жиҳозлантириш учун замонавий ва ташхис қўйиш ва даволаш стандартларига мос келувчи шароит яратилган. Касалхонанинг иккинчи, учинчи ва тўртинчи қаватларида даволаш ўринлари бўлган бўлимлар, шифокорлар фаолияти ва касаллар фойдаланиши учун санитария-гигиена нуқталари, ошхона, лифт ва бошқа зарурий хизмат кўрсатиш хоналари муҳайё қилинган.
Касалхонада ташхис қўйиш, даволаш ва жарроҳликда эътироф этилган тажрибали шифокорлар ва ёш мутахассислар фаолият юритишади. Тиббий муассасадаги замонавий шароитлар, ҳозирги замон тиббий ускуна ва жиҳозлари тиббий хизмат кўрсатиш сифатини янада ошириш, ташхис қўйиш, даволаш ва жарроҳликни амалга оширишнинг янги ва замонавий усулларини жорий этиш учун кенг имкониятлар яратади.