Хитой қурғоқчиликка қарши сунъий ёмғир ёғдириш билан курашмоқчи

«Associated Press» агентлигининг маълум қилишича, 2022 йил Хитой учун 61 йил ичидаги энг иссиғи бўлди. Қурғоқчилик экинларни қуритиб юборди, сув омборлари яримлаб қолди.
Ҳукумат кузги ҳосилни қутқариб қолиш учун тезкор чоралар кўришга қарор қилди. Кузги ҳосил Хитойда йиллик ҳосилнинг 75 фоизини ташкил этади. Ёмғир чақириш мақсадида булутларни ҳайдаш учун махсус воситалардан фойдаланишга тўғри келмоқда. Шунингдек, экинларнинг намлиги узоқ вақт сақланиши учун махсус моддалар сепилмоқда.
Мамлакат қишлоқ хўжалиги вазири Тан Жэньцзяннинг баёнот беришича, келгуси ўн кун Хитой жанубида гуруч ҳосилдорлиги учун муҳим давр ҳисобланади. Унинг таъкидлашича, ҳукумат кузги буғдой ҳосилини сақлаб қолиш учун тезкор чораларни кўришга мажбур бўлмоқда.
Аввалроқ Испания сув сепкич қурилмаларини қуриш ва кенгайтириш учун 200 миллион евро инвестиция жалб қилаётгани ҳақида маълум қилинган эди. Ушбу усул мамлакатда қурғоқчилик шароитида сув танқислигини бартараф қилишга ёрдам беради, дейилади хабарда.