Туркияда 9300 йиллик турар жой топилди

Туркиянинг марказий қисмида жойлашган, Мерсин ва Адана қирғоқ бўйи билан чегарадош Ниғде вилояти Қайирли кишлоғи яқинида тарихий турар жой аниқланди. Сирчалитепа қўрғонида олиб борилган қазишма чоғида топилган обсидиан ва суяк қуроллари Анадолунинг шу қисмида, тахминан, 9300 йил аввал ўтроқ ҳаёт кечирилганидан далолат.
Археологик гуруҳ раҳбари, Истанбул университети ўқитувчиси Семра Балжининг “Анадолу” агентлигига маълум қилишича, қабристон Кападокияда, обсидиан конига яқин жойлашган. Унинг сўзларига кўра, 2016 йил ўтказилган биринчи тадқиқот давомида обсидианни қайта ишлаш жараёнига оид излар, шунингдек, суяк ва сайқалланган тош қуроллар археологлар эътиборини тортган.
– Жорий йил қазишма якунланиб, тадқиқот янги маълумотлар билан бойиди, – дейди гуруҳ раҳбари. – Кундалик ҳаётда ишлатиладиган бир неча суяк ва обсидиан асбоблари, безак учун ишлатилган мунчоқ ва бошқа уй-рўзғор буюмлари топилди. Айниқса, ўйма нақшли суяк буюм бизни ҳайратга солди. Зеро, топилма безаклар эҳтиёткорлик билан қайта ишлангани кўриниб турибди. Четидаги ёриқ туфайли буюмнинг аниқ кўринишини тасаввур қилолмадик. Яқин йилларда шунга ўхшаш жисм топилса, умумий тасаввурни шакллантириш осонроқ бўлар.
Қайд этилишича, археологлар Сирчалитепа қабрида олиб борилган изланиш чоғида ретушланган овал ўқ учининг жуда чиройли намунасини ҳам учратган.
– Икки намунада радиокарбон санаси бор эди, – қўшимча қилади Балжи. – Демак, топилма 9600-9300 йил олдин яратилган. Айтиш жоиз, бу жой Новхере провинциясидаги энг қадимий аҳоли пункти.