Япониянинг Озарбайжондаги элчихонаси “Шам фестивали”ни ташкил қилди
“Шам фестивали” Япония ва Озарбайжон ўртасидаги илиқ ва дўстона муносабатларнинг яна бир тасдиғидир.
– Ушбу байрамнинг асосий маъноси дуо ва тилаклар, оилалар ва дўстларга соғлик, тинчлик-хотиржамлик тилашдадир. Бугун бу фестивални Боку шаҳрининг қоқ марказида ўтказаётганимиздан жуда хурсандмиз. Шу ҳафта Озарбайжон билан дипломатик муносабатларимиз ўрнатилганига 30 йил тўлди. Ушбу байрам мамлакатларимиз ўртасидаги илиқ ва дўстона муносабатларни яна бир бор тасдиқлайди, деди Япониянинг Озарбайжондаги элчиси Жуничи Вада “Trend” ахборот агентлигига.
Унинг қўшимча қилишича, Бокудаги “Шам фестивали” Австралиядаги фестивалдан кейин иккинчи йирик фестивалга айланди.
Фестиваль 1300 йиллик гуллаб-яшнаган пойтахт Нара префектурасида ўтказилган “Нара шам фестивали”нинг бир қисмидир. Нара перфектураси қадимги Япониянинг сиёсий ва диний маркази бўлиб, у ерга Осака ва Киотодан осонгина бориш мумкин. Кўплаб қадимий зиёратгоҳлар ва ибодатхоналар мавжуд, баҳорда сакура (гилос) гуллари билан янаям ўзгача гўзаллик таратадиган диёр. Дунёдаги энг катта бронза Будда ҳайкали Тодай-жи ибодатхонаси яқинида қад кўтарган. ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган Ёшино тоғи ҳудудида муҳим зиёрат йўллари бор.
“Нара шам фестивали”да боғ бўйлаб 20 000 та ёнаётган махсус шамлар ўрнатилиб, 1999 йилдан бери ҳар йили 10 кун давомида ўтказилади. Боғга ташриф буюрувчилар сони 90 минг кишидан ошади.
Бокудаги тадбир давомида Япониядан махсус олиб келинган 2100 дона шамдан фойдаланилмоқда.
ЎзА