“Несат” тўфони 175 минг кишига зиён етказди
Филиппиннинг энг йирик Лусон ороли яқинидан ўтган “Несат” тўфонидан 175 200 дан кўпроқ одам жабр кўрди. Хатарлар олдини олиш ва табиий офатларни бартараф этиш бўйича миллий кенгаш чоршанба куни эълон қилган ҳисоботга таяниб, ТАСС шундай хабар тарқатди.
Баёнотда келтирилишича, 12 эвакуация марказида 1,68 минг кўчирилган одам қолмоқда. Тўфон натижасида икки киши жабрланган, қурбонлар ёки бедарак йўқолганлар ҳақида маълумот йўқ. Тўфон 115 иншоотга сезиларли таъсир ўтказди, 51 уй бутунлай вайрон бўлди. 34 инфратузилма объектига етказилган зарар 81,5 миллион песо (1,38 миллион доллар)га баҳоланмоқда. Табиий офат туфайли 50 га яқин йўл, 13 кўприк зарар кўрди. Электр таъминотида узилиш қайд этилган 30 дан зиёд шаҳарнинг 17 тасида вазият ўнгланди.
34 таълим муассасаси вақтинча ёпилди, бир корхонада иш тўхтади. Уч шаҳар маъмурияти фавқулодда ҳолат эълон қилди. Молиявий ёрдам сифатида талаб қилинадиган миқдор 15,4 миллион песо (260,9 минг доллар)га тенг. Ушбу тўфон қишлоқ хўжалигига 366 миллион песо (6,22 миллион доллар) зиён келтирди.