Индонезияда бойлар учун алоҳида виза жорий қилинади
Индонезия адлия ва инсон ҳуқуқлари вазирлигининг бош иммиграция бошқармаси Бали оролида бўлиб ўтадиган G20 саммит майдонини бойларга беш йилдан ўн йилгача бериладиган янги визани жорий этиш учун фойдаланмоқчи, деб хабар тарқатди ANTARA агентлиги.
Иммиграция бошқармаси вакили Видодо Экатьяхьянанинг баёнот беришича, «G20 саммити Индонезия учун дунёга янги виза таклифи билан чиқиш йўлида ажойиб имкониятдир».
“Янгилик” ҳақида маълум қилар экан вакил «иккинчи уй учун виза» бой хорижликларга Индонезияда беш йилдан ўн йилгача қолиш имконини беради, деди. Ушбу виза бутун дунёдан келадиган бизнесменлар ёки Индонезияда кексалик гаштини суришни ҳоҳлаган ёши ўтган сайёҳларга берилади.
“Иккинчи уй визасини” Индонезияда ишлаш, инвестиция киритиш, умуман, Индонезия иқтисодиёти учун ҳисса қўшадиган фаолиятларни юритмоқчи бўлган хорижлик фуқароларга берилади. Фақат мазкур визани олмоқчи бўлган бойваччаларнинг банк ҳисобида камида 131 минг АҚШ доллари бўлиши керак. Визани расмийлаштириш эса тахминан 200 АҚШ долларига тушади.