Тожикистон давлат тиббиёт университети талабалари халқаро олимпиадада ғолиб чиқди

Абуали ибн Сино номидаги Тожикистон давлат тиббиёт университети талабалари Россия Федерациясининг Краснодар шаҳрида ўтказилган “Педиатрия фанлари магистри” иккинчи халқаро олимпиадасида ғолибликни қўлга киритиб, олимпиада кубоги ва дипломини қўлга киритди.
Абуали ибн Сино номидаги Тожикистон давлат тиббиёт университетининг 1-сонли болалар касалликлари кафедраси ассистенти Фаррух Бақоевнинг маълум қилишича, ушбу олимпиада 28 октябр куни Россия Федерациясининг Краснодар шаҳрида бўлиб ўтди.
«Ушбу олимпиадада университетимиздан 5 нафар талабадан иборат “Авиценна” жамоаси иштирок этди. Олимпиаданинг финал босқичида 22 та жамоа иштирок этди. 21 та жамоа Россия Федерациясининг Москва, Санкт-Петербург, Қозон, Новосибирск, Краснодар, Владивосток, Саратов ва бошқа шаҳарлари тиббиёт олий ўқув юртларидан эди» деди Фаррух Бақоев
Олимпиадада иштирокчилар қуйидаги шартлар бўйича беллашдилар: терминал вазиятларда биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш, виртуал бемор билан ишлаш, анамнез йиғиш ва беморга ташхис қўйиш, махсус саволлар, интеллектуал савол-жавобларни бажариш, энг қийин масалаларни топиш.
Олимпиада ғолиблари кубок, диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.