БМТ Буркина-Фасода ўғирланган эллик нафар хотин-қизни зудлик билан озод қилишга чақирди
Синьхуа агентлиги бир неча кун аввал номаълум қуролли шахслар Буркина-Фасо шимолида жойлашган Арбинда қишлоғи яқинида аёллар ва қизларни ўғирлаб кетгани ҳақида хабар берган эди.
Бугун Бирлашган Миллатлар Ташкилоти мамлакатга мурожаат қилиб, ўз турар-жойлари яқинида мева тераётган бир пайтда ўғирлаб кетилган эллик нафар хотин-қизни зудлик билан озод қилишга чақирди.
Ташкилот Бош котиби Антониу Гутерриш воқеани кескин қоралаган:
– Бош котиб ўғирланган фуқароларни зудлик билан сўзсиз озод қилишга ҳамда уларни ўз оилалари бағрига соғ-саломат қайтаришга чақиради, дейилади БМТ матбуот хизмати баёнотида.
А.Гутерриш расмийлар ушбу жиноятни содир этганларни жавобгарликка тортиш учун бор кучини ишга солиши кераклигини айтган. У, шунингдек, БМТ Буркина-Фасо ва халқаро ҳамкорлар билан Ғарбий Африка давлатидаги тинч аҳоли ҳимоясини таъминлаш ва тинчликка эришиш йўлидаги саъй-ҳаракатни қўллаб-қувватлашга тайёр эканини билдирган.
Шу ўринда, БМТ Инсон ҳуқуқлари олий комиссари Волкер Турк ҳам айбдорларни жавобгарликка тортишни сўраяпти.
Дарвоқе, январь ойи бошида БМТ Хавфсизлик кенгаши Ғарбий Африка ва Соҳил мамлакатларида хавфсизлик масаласига бағишланган тинглов ўтказган.