Яна зилзила. Табиий офат оқибатлари бартараф этилмоқда…
Туркиянинг жанубидаги Хатай вилоятида кеча маҳаллий вақт билан оқшом соат саккизларда уч дақиқа оралиғида 6,4 ва 5,8 магнитудали зилзилалар содир этилиши оқибатида 4 киши халок бўлди, 294 киши жароҳатланди. Бу ҳақда Туркия Фавқулодда вазиятлар департаменти хабар берди.
Биринчи зилзила манбаи 16,7 километр ва иккинчиси 7 километр чуқурликда бўлган.
Давлат раҳбари 6 февралдан бери содир этилган зилзилалар оқибатида 41 минг 156 киши вафот этганини маълум қилган.
Унинг маълум қилишича, 118 минг турар-жой биноси жиддий зарар кўрган, улар бузиб ташланади. “Талафотнинг ҳажмини ўрганиш ишлари ниҳоясига етмоқда”, деди етакчи.
Эрдоған зилзиладан кейин 15 кун ичида 114 минг 834 киши соғ-саломат қутқариб олингани, 1 миллион 684 киши вақтинчалик бошпана билан таъминлангани хабарини берди.
Президентнинг ишонтириб айтишича, табиий офат минтақасида уй-жойини йўқотганлар бир йил ичида янги хонадонларга кўчиб кирадилар.
ЎзА