Душанбе: “Тожикистон-2023” халқаро кўргазмаси бўлиб ўтади
2023-йилнинг 4-7-май кунлари Душанбе шаҳрида “Тожикистон-2023” халқаро универсал кўргазмаси бўлиб ўтади. Унда Малайзия, Туркия, Россия, Беларус ва Ўзбекистон компаниялари иштирок этиши кутилмоқда. Бу ҳақда Тожикистон Республикаси Савдо-саноат палатаси хабар берди.
Манбага кўра, кўргазмада иштирокчи компаниялар хизмат кўрсатиш, саноат, қурилиш ва туризм соҳаларида ўз маҳсулотларини намойиш этади. Унда Тожикистоннинг етакчи компаниялари ўз маҳсулотларини намойиш этиш имкониятига эга.
Ушбу кўргазмани ўтказишдан мақсад компаниялар салоҳиятини намойиш этиш, ишбилармонлик алоқаларини ўрнатиш ва фаолиятнинг турли соҳаларига замонавий технологияларни жалб этишдан иборат. Аҳоли ва ташриф буюрувчилар озиқ-овқат маҳсулотлари, енгил саноат маҳсулотлари, маиший кимё, декоратив аксессуарлар ва бошқаларни харид қилиш имкониятига эга.