Гутерриш Афғонистондаги аҳволни дунёдаги энг улкан инқироз, деб атади
БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш Афғонистонда юзага келган вазиятни дунёда кузатилаётган инқирозларнинг энг йириги деб атади.
“Афғонистондаги вазиятнинг қанчалик оғирлигига баҳо бериш мушкул. Бу бугунги кунда дунёдаги энг йирик гуманитар инқироз ҳисобланади”, – деди у Дохада бўлиб ўтган Афғонистон бўйича махсус элчи билан учрашгандан кейин журналистларга.
Унинг таъкидлашича, афғонистонликларнинг 97 фоизи қашшоқликда яшамоқда.
“Аҳолининг учдан икки қисми, яъни 28 миллион кишига бу йил очарчиликдан омон чиқиши учун гуманитар ёрдам зарур”, – деган бош котиб.
Гутерришнинг таъкидлашича, мамлакатда 6 миллион бола, аёллар ва эркаклар очлик бўсағасида турибди.
“Бизнинг Афғонистон халқига гуманитар ёрдам кўрсатиш учун 4,6 миллиард доллар йиғиш режамиз ҳам амалга ошмади, атиги 294 миллион доллар тўплай олдик”, – деди у журналистларга.
Шунингдек, БМТ Бош котиби ҳозир толиблар билан учрашиш учун қулай пайт эмаслигини таъкидлаган.
“Учрашишга қулай пайт бўлганда, мен албатта бундай имкониятдан фойдаланаман. Ҳозир бунинг вақти эмас”, – деган Антониу Гутерриш.