РУСТАМИ ЭМОМАЛИ ТАНЗИЛА НАРБАЕВА БИЛАН УЧРАШДИ
13 сентабр куни Тожикистон Республикаси Олий Мажлиси Миллий Мажлиси Раиси, Душанбе шаҳри раиси муҳтарам Рустами Эмомали Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси муҳтарам Танзила Нарбаева билан учрашди.
Учрашувда икки давлат парламентлари юқори палаталари раислари Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасидаги дўстона муносабатлар ва ҳамкорликнинг ҳолати ва истиқболларини муҳокама қилдилар.
Тожикистон Республикаси Олий Мажлиси Миллий Мажлиси Раиси, Душанбе шаҳри раиси муҳтарам Рустами Эмомали Ўзбекистон билан дўстлик ва ҳамкорлик алоқаларини ҳар томонлама ривожлантириш ва янада мустаҳкамлаш давлатимиз ташқи сиёсатида устувор ўрин тутиши, икки дўст халқнинг асосий манфаатларига жавоб беришини таъкидлади.
Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасидаги яхши қўшничилик, ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг мустаҳкам пойдеворига асосланган ва ўзаро манфаатларни ҳурмат қилишни ҳисобга олган давлатлараро муносабатлар ўттиз йилдан зиёд вақт мобайнида кўплаб синовлардан ўтиб, стратегик шериклик даражасига кўтарилгани таъкидланди.
Бугунги кунда икки давлат ўртасидаги муносабатлар сиёсий ва дипломатик, иқтисодий, илмий-техникавий, маданий-гуманитар, ҳарбий-техникавий ва бошқа соҳаларда доимий равишда кенгайиб бормоқда.
Томонлар парламентлараро алоқаларни, шунингдек, икки давлат парламентлари ўртасидаги халқаро ва минтақалараро ташкилотлар доирасидаги ҳамкорликни фаол кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратдилар ва бу борадаги ҳамкорлик даражасини оширишдан манфаатдор эканликларини билдирдилар.
Суҳбат чоғида Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасидаги турли соҳалардаги ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилиниб, икки давлат халқлари манфаатларига алоҳида эътибор қаратиб, парламентлараро мулоқотни мустаҳкамлаш, дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатларини янада ривожлантиришга тайёрлиги билдирилди.
Шунингдек, минтақавий ва халқаро кун тартибидаги муҳим масалалар, жумладан, Афғонистондаги вазият юзасидан фикр алмашинувлар бўлиб ўтди.
Икки томонлама музокаралардан сўнг Тожикистон Республикаси Олий Мажлиси Миллий мажлиси ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ўртасида ҳамкорлик битимини имзолаш маросими бўлиб ўтди.
Таъкидлаш жоизки, мазкур битим имзоланиши билан Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасидаги парламентлараро муносабатлар даражаси кенгайтирилиб, доимий комиссия даражасида амалга оширилади.