МАРКАЗИЙ ОСИЁ ДАВЛАТЛАРИ ТАШҚИ ИШЛАР ВАЗИРЛАРИНИНГ УЧРАШУВИ
13 сентябр куни Душанбе шаҳрида Тожикистон Республикаси ташқи ишлар вазири Сирожиддин Муҳриддин раислигида Марказий Осиё давлатлари ташқи ишлар вазирларининг учрашуви бўлиб ўтди.
Ташқи ишлар идоралари раҳбарлари Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг бешинчи маслаҳат учрашувининг кун тартиби лойиҳаси ва якуний ҳужжатлар рўйхатини муҳокама қилдилар ва мувофиқлаштирдилар.
Тожикистон ташқи ишлар вазири ўз нутқида минтақа давлатларининг Марказий Осиёда тинчлик, барқарорлик ва хавфсизликни таъминлаш манфаатлари йўлида очиқ ва кенг ҳамкорликка тайёрлигини таъкидлади. Минтақа давлатлари барча соҳалардаги муносабатларни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш, мавжуд муаммоларни ҳал этишда қўшма ташаббусларни илгари суриш, шунингдек, хавф ва таҳдидларга қарши курашиш борасида доимо муштарак истакларга эга экани мамнуният билан қайд этилди.
Вазирлар бир овоздан кенг кўламли долзарб масалалар бўйича доимий ва манфаатдор ҳамкорлик Марказий Осиёнинг қардош давлатларини биргаликда ривожлантиришнинг узоқ муддатли мақсадларига эришишнинг кафолати, деган хулосага келишди.