МИЛЛАТ ПЕШВОСИ БМТ БОШ КОТИБИ БИЛАН МУЛОҚОТ ҚИЛДИ

18 сентябр куни Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси – Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 78-сессияси умумий мунозаралари доирасида Америка Қўшма Штатларининг Ню-Йорк шањрида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антонио Гутерриш билан мулоқот қилди.
Учрашув давомида Тожикистон ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти њамда унинг институтлари ўртасидаги ҳамкорлик масалалари, шунингдек, ташкилот Бош Ассамблеясининг 78-сессиясининг умумий мунозаралари кун тартиби муҳокама қилинди.
Мамлакат Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон Тожикистон Бирлашган Миллатлар Ташкилоти билан муносабатларни ривожлантириш ва кенгайтиришга катта аҳамият беришини ва уни халқаро майдондаги асосий шерикларидан бири, деб билишини таъкидлади.
Мулоқотда томонлар жаҳон ҳамжамиятининг кўплаб сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва хавфсизлик масалалари, жумладан, геосиёсий зиддиятлар, қуролли тўқнашувлар, терроризм ва экстремизм хавфи, иқтисодий ва молиявий инқирозлар, иқлим ўзгариши масалалари юзасидан фикр алмашди.
Тожикистон Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш, 2030 йил кун тартибидаги ҳаракатларни жадаллаштириш бўйича саъй-ҳаракатларни амалга ошираётгани ва шу йўналишда 2030 йилгача бўлган даврда Миллий ривожланиш стратегиясини қабул қилгани ва бошқа бир қатор давлат дастурларини амалга оширгани таъкидланди.
Учрашув давомида Бирлашган Миллатлар Ташкилотига Тожикистоннинг глобал ташаббусларини доимий қўллаб-қувватлагани учун миннатдорчилик билдирилди.
Сув соҳасидаги ҳамкорлик, иқлим ўзгариши ва унинг сув захиралари учун оқибатлари, табиий офатларнинг олдини олиш, «яшил энергия» ишлаб чиқариш қувватларини ривожлантириш, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг Тожикистоннинг музликларни ҳимоя қилиш бўйича бешинчи ташаббуси тўғрисидаги резолюциясининг қабул қилингани учрашувнинг асосий мавзулари бўлди.
Қўшни Афғонистондаги вазият муносабати билан Тожикистон ўзининг моддий-техник имкониятлари, шу жумладан, ушбу мамлакат билан чегарада унинг халқига гуманитар ёрдам кўрсатиш учун 6та кўприкдан фойдаланиш имкониятини тақдим этгани таъкидланди. Чегара бозорлари яна ишлай бошлади. Электр энергияси, озиқ-овқат ва қурилиш материаллари қўшни давлатга экспорт қилинади.
Учрашувда томонлар халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик бошқа долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашди.