Хизматчилар учун қулай шароитлар
19 октябр куни Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси – Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон Тожикистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги “Муҳофиза” Давлат хизмати бўлими биносининг очилиш маросимида иштирок этди.
Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органининг янги бунёд этилган биносида 24та иш кабинети ва ёрдамчи иншоотлар жойлашган. Биринчи қаватда Миллат пешвосининг, тожик халқи классик ва замонавий шоиру ёзувчиларининг асарлари, соҳага тегишли адабиётлар ва 10 минг нусха электрон китоблардан иборат кенг ва барҳаво кутубхона, навбатчилик қисми, кийим-кечак ва озиқ-овқат маҳсулотлари сақланадиган омбор мавжуд.
Бўлим ходимлари ўзлари учун қулай вақтда кутубхонага келиб, керакли адабиётлардан фойдаланишлари мумкин.
Шу билан бирга, кутубхонада интернет тармоғига уланган 2та компютер ўрнатилган.
Янги бинода 80 ўринли кенг ва барҳаво мажлислар зали, 60 ўринли ошхона ва ходимларнинг машғулоти учун спорт зали бунёд этилган. Мажлислар зали турли учрашув ва мулоқотлар, сиёсий-тарбиявий тадбирлар ўтказиш учун мўлжалланган.
Янги бинонинг 3 ва 4-қаватларидаги хоналар хизмат ходимлари, жумладан, ташкилий назорат, иқтисодий режалаштириш, шахсий таркиб билан ишлаш, хизмат, йўлбошчилик, техник ва муҳандислик бўлимлари офицерлари учун мўлжалланган.
Бундан ташқари, бинонинг тўртинчи қаватида меҳмонлар қабули учун барча зарурий шароитлар муҳайё қилинган меҳмонхона қурилган.
Шу куни Миллат пешвоси бўлим ходимларига битта хизмат автомашинаси совға қилди.
Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон янги бинода яратилган шароитлар билан танишув чоғида қурилиш ишларига юксак баҳо бериб, Ички ишлар вазирлигининг Кўлоб шаҳридаги “Муҳофиза” Давлат хизмати бўлими ходимлари зиммасига хизмат бурчларини виждонан бажариш вазифасини юклади.