Ёш лидерлар саммити

Жаҳон иқтисодий форуми доирасида ташкил этилган ёш лидерлар йиллик саммитининг уч кун давом этган сессиялари, тадбир доирасидаги турли мавзулар бўйича чиқишлар ниҳоясига етди. Бу ҳақда “WAM” ахборот агентлигига таяниб, uza.uz хабар берган.
Анжуман доирасида рақамли иқтисодиёт, таълим, ижодий индустрия, кенг қамровли иқтисодий-ижтимоий ривожланиш, соғлиқни сақлаш ва ҳаёт тўғрисидаги фанлар, тадбиркорлик, инвестиция ва “яшил” технология соҳаларига бағишланган семинарлар ташкил этилди.
Шаҳарларда барқарор ишлаб чиқариш салоҳияти, биологик технология инқилоби, сунъий интеллект орқали қарор қабул қилиш имкониятини кенгайтириш, келажак учун озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва инновацион таъминот занжирини яратиш бўйича муҳокамалар бўлиб ўтди.
Мазкур анжуман ҳар йили ўтказилиши ёшларнинг имкониятини кенгайтириш, ғояларини қўллаб-қувватлаш ва келажагига сармоя киритиш муҳимлигини кўрсатиш мақсадини кўзлайди. Бу лойиҳа замирида БАА ҳукумати ва Жаҳон иқтисодий форуми ҳамкорлигида келажакни белгилаш ҳамда қарашларни ҳақиқатга айлантириш бўйича ёш етакчилар роли ҳақидаги умумий фалсафа мужассамлашган.