БОБОЖОН ҒАФУРОВ НОҲИЯСИДА 1-СОНЛИ ЛИЦЕЙ

14 ноябр куни Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси – Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон Суғд вилояти Бобожон Ғафуров ноҳиясига иш сафари давомида улуғ миллий байрам – Давлат мустақиллигининг 35 йиллигини муносиб кутиб олиш доирасида Хистеварз жамоатида “1-сонли лицей” Давлат таълим муассасасини фойдаланишга топширди.
Тожикистон олий сиёсий раҳбариятининг маърифатпарварона сиёсатини амалга ошириш доирасида Суғд вилояти давлат ҳокимияти ижроия органи Асосий қурилиш идораси буюртмаси билан бунёд этилган янги типдаги муассаса икки сменада 2400 ўқувчи таълим олиши учун мўлжалланган бўлиб, меъморчилик ва қурилиш ҳамда кўп сонли ўқувчиларни таълим-тарбия билан қамраб олиш жиҳатидан Суғд вилояти ҳудудида ягона ҳисобланади.
Бобожон Ғафуров ноҳиясининг 60 мингга яқин аҳоли истиқомат қиладиган энг йирик қишлоқ жамоати ҳисобланган Хистеварзда 1-сонли лицейнинг тўрт қаватли ҳашаматли биноси бунёд этилиши “Илму маориф соҳасида табиатшунослик, аниқ ва математика фанларини ўрганиш ва ривожлантириш йигирма йиллиги”ни ҳар томонлама амалга ошириш билан боғлиқ чора-тадбирлар жумласидандир. Мазкур янги типдаги таълим муассасасида ўқув жараёни асосан табиий ва математика фанларини ўрганиш орқали амалга оширилади. Илм ўрганишнинг ушбу замонавий усули ўқувчиларнинг техник тафаккури сайқал топишига хизмат қилади.
Миллат пешвоси муҳтарам Эмомали Раҳмон янги бунёд этилган иншоотда илм ўрганишнинг шароит ва имкониятлари билан танишув чоғида қурилиш ишлари сифатига юксак баҳо бериб, ўқитувчиларни таълим-тарбия сифатига ва ёш авлодда ўзлигини англаш ғояларини мустаҳкамлашга янада кўпроқ саъй-ҳаракат қилишга чақирди.