САРМОЯВИЙ МУҲИТНИ ЯХШИЛАШ БЎЙИЧА МАСЛАҲАТ КЕНГАШИНИНГ XXIII МАЖЛИСИ

28 ноябр куни Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси – Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти, Сармоявий муҳитни яхшилаш бўйича маслаҳат кенгаши Раиси муҳтарам Эмомали Раҳмон раислигида кенгаш аъзолари, тегишли вазирлик ва идоралар, тараққиёт бўйича шериклар, тадбиркорлар, маҳаллий ва хорижий сармоядорлар иштирокида кенгашнинг XXIII мажлиси бўлиб ўтди.
Мажлисда маслаҳат кенгаши қарорлари ижроси, хотин-қизлар тадбиркорлиги, ёшлар тадбиркорлиги ва венчур сармояни ривожлантиришга доир таҳлил ва тавсиялар натижалари, шунингдек, маслаҳат кенгашининг келгусидаги йиғилишлари кун тартиби лойиҳалари муҳокама қилинди.
Миллат пешвоси, Маслаҳат кенгаши Раиси муҳтарам Эмомали Раҳмон тадбиркорлик ва сармоявий муҳитни яхшилаш орқали тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш ва сармоя жалб этиш Тожикистон Республикаси Ҳукумати сиёсатининг муҳим йўналишларидан ҳисобланиб, мамлакат стратегик мақсадларига эришишнинг асосий омилларидан бири сифатида қабул қилинганини қайд этди.
Мамлакат Президенти ҳузуридаги Сармоявий муҳитни яхшилаш бўйича маслаҳат кенгаши сармоявий ва тадбиркорлик муҳитини яхшилаш, хусусий секторни ривожлантириш учун давлат ва хусусий сектор ўртасидаги эркин мулоқот майдони сифатида таъсис этилиб, унинг фаолияти давомида халқ хўжалигининг барча жабҳаларида тадбиркорлик учун қулай муҳит яратиш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди.
Кенгашнинг мамлакатда иқтисодиётни рақамлаштиришнинг меъёрий-ҳуқуқий асосларини шакллантириш бўйича қарорларини амалга ошириш мақсадида Тожикистон Республикасининг “Электрон ҳужжат ва электрон имзо тўғрисида”ги, “Электрон савдо тўғрисида”ги, “Рухсат бериш тизими тўғрисида”ги ва “Тожикистон Республикасининг “Юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисида”ги қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунлари қабул қилиниб, солиқ, божхона, банк ва статистика, савдо ва хизмат кўрсатиш, сайёҳлик соҳалари, шунингдек, рўйхатга олиш ҳамда тадбиркорлик фаолияти ва ҳисоб-китобларни нақд пулсиз тартибга солишнинг бошқа йўналишларида сезиларли ютуқларга эришилди.
Мамлакат Президенти иқтисодиётни рақамлаштириш жараёнини кенгайтириш билан бирга, жадал саноатлаштириш, маҳаллий маҳсулотларнинг рақобатга чидамлилиги, импорт ўрнини босувчи ва экспортга йўналтирилган маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кучайтириш, “яшил иқтисодиёт”ни ривожлантириш, инновацион технологияларни жорий этиш ва инсон ресурсларини ривожлантириш масалалари миллий тараққиётнинг устувор йўналишларидан саналиб, хусусий секторнинг самарали ҳиссаси ҳамда маҳаллий ва хорижий сармояни жалб этишни муҳим дея баҳолади.