Давлат раҳбари Туркманистон делегациясини қабул қилди
28 ноябр куни Душанбе шаҳрида Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси – Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси Раисининг ӯринбосари Тангригули Атахаллиев билан мулоқот қилди.
Мулоқот аввалида Миллат пешвоси олий мартабали меҳмонни савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ҳамкорлик бӯйича Тожикистон ва Туркманистон ҳукуматлараро комиссиясининг ҳамраиси этиб тайинлангани билан табриклади.
Давлат раҳбари Туркманистон билан муносабатларимиз юксак ишонч ва ӯзаро англашув даражасида ривожланаётганини таъкидлади.
– Туркманистон Президенти Сердар Гурбангулевич Бердимуҳамедовнинг жорий йил май ойида Тожикистонга амалга оширган давлат ташрифининг самарали натижалари ушбу сӯзларнинг тасдиғидир, – деди Миллат пешвоси.
Шу нуқтаи назардан, Миллат пешвоси Тожикистон томони Туркманистон Президентининг ташрифи чоғида эришилган келишувларни амалга ошириш бӯйича комплекс чора-тадбирлар режасини қабул қилганини таъкидлади.
Давлат раҳбари савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ҳамкорлик бӯйича Тожикистон ва Туркманистон ҳукуматлараро комиссияси фаолияти Тожикистон ва Туркманистон ӯртасидаги икки томонлама муносабатларнинг барча йӯналишларини ривожлантиришга хизмат қилишига умид билдирди.
Таъкидлаш жоизки, комиссиянинг навбатдаги йиғилиши шу кунларда Душанбе шаҳрида бӯлиб ӯтади.