Умумтаълим муассасасининг қўшимча биноси фойдаланишга топширилди
Рўдакий ноҳияси Лоҳур жамоати Минчигар қишлоғида 88-сонли ўрта умумтаълим муассасасининг қўшимча биноси фойдаланишга топширилди. Бу ҳақда “Ховар” ТМАА минтақавий мухбири Субҳониддини Маҳмуд давлат ҳокимияти Рўдакий ноҳияси ижроия органида хабар берди.
Таълим муассасасининг янги қўшимча биноси Тожикистон Миллий ижтимоий молиялаштириш жамғармаси қўллаб-қувватлаши билан “САSA-1000 – жамиятни қўллаб-қувватлаш лойиҳаси”нинг амалга оширилиши доирасида бунёд этилиб, бир сменада 120 нафар ўқувчига мўлжалланган 4та синфхонадан иборат. Ўқитувчилар учун иш кабинети ва муассаса ер участкасида 3та ёрдамчи бинолар бунёд этилган.
Шунингдек, янги бунёд этилган таълим муассасасида синфхоналарни қиш фаслида иссиқлик билан таъминлаш учун энг яхши шароитлар муҳайё қилинган. Бино стол-стул ва замонавий ўқув жиҳозлари билан таъминланган. Мазкур таълим муассасаси қўшимча биноси қурилиши ишлари “Нури Шамс” МЧЖ томонидан 1 миллион 452 минг сомоний маблағ эвазига амалга оширилган.
Тожикистон Республикаси Ҳукумати давлат сиёсатининг асосий йўналишларидан бири аҳолининг муносиб ҳаётини таъминлаш, таълим олиши ва фаолият юритиши учун қулай шароитлар яратишни ташкил қилади. Мамлакат Ҳукумати ушбу эзгу мақсадга эришиш йўлида тараққиёт шериклари, тадбиркорлар ва республика аҳолиси билан ҳамкорликда изчил саъй-ҳаракатларни амалга ошириб, барча мавжуд захира ва имкониятларини ишга солмоқда.
Рўдакий ноҳиясида ҳам бунёдкорлик ва яратувчанлик ишлари давом эттирилмоқда. Таълим муассасаларида давлат ҳокимияти ноҳия ижроия органи қўллаб-қувватлашида соҳага доир камчиликлар кундан-кунга бартараф этилмоқда.