Суғд вилояти раиси Россия Федерацияси делегациясини ҳузурига чорлади
Суғд вилояти Раиси Ражаббой Аҳмадзода Россия Федерацияси «Спирит» илмий ишлаб чиқариш ширкати раҳбарияти Олег Люпак ва ҳамроҳлари делегациясини ҳузурига чорлади.
Мулоқотда томонлар ҳамкорлиги ва уларни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Вилоят Раиси меҳмонларни Суғд вилоятига ташрифини қутлаб, икки давлат раҳбарлари — Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси — Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон ва Россия Федерацияси Президенти Владимир Путиннинг ӯзаро ҳамкорликларни кенгайтириш ва икки мамлакат ӯртасидаги молу маҳсулот алмашувини кӯпайтириш йӯналишидаги саъй-ҳаракатлари ҳақида эслатиб ӯтди.
Суғд вилояти имкониятлар водийси ҳисобланиб, иқтисодий ва ижтимоий соҳаларни ривожлантириш бӯйича вилоятда бир қатор катта кичик лойиҳалар амалга оширилаётгани таъкидланди. Вилоятда саноат соҳасини ривожлантириш, янги ишлаб чиқариш тармоқларини ишга тушириш, маҳаллий хом ашёни пировард маҳсулотгача қайта ишлаш ва импорт ӯрнини босувчи сифатли маҳсулотлар ишлаб чиқаришга алоҳида эътибор қаратилиб, ҳар йили янги саноат корхоналари фойдаланишга топширилмоқда.
Суғд вилоятида асосан тоғ -кон, тӯқимачилик, қайта ишлаш саноати ривожланиб, янги технологияларни жорий этиш ушбу тармоқлар ривожу равнақига имконият яратмоқда.
«Спирит» илмий ишлаб чиқариш ширкати Россия Федерациясининг нуфузли муассасаларидан саналиб, фаолият доираси йилдан йилга кенгайиб бормоқда. Ушбу корхона асосан тоғ -кон саноати соҳасида илмий-тадқиқот ишларини олиб боради, замонавий технологиялардан фойдаланган ҳолда тоғ -кон саноати корхоналарининг чиқиндиларини қайта ишлаш билан қимматбаҳо металларни ажратиб олади.
Олег Люпак ӯз навбатида илиқ ва самимий қабулдан мамнунлик билдириб, Тожикистон Республикасини дӯст, биродар мамлакат ва ишончли ҳамкор сифатида билишларини таъкидлади.
Ширкат яқин келажакда тожикистонлик шериклари билан ҳамкорликни йӯлга қӯйиш ниятида.
Ширкат, шунингдек, янги технологиялардан фойдаланган ҳолда кадрлар тайёрлашга ҳисса қӯшиб, тадқиқот ва қидирув ишларини олиб бориши мумкин.
Томонлар мулоқоти ҳамкорликнинг истиқболли масалаларини муҳокама қилиш билан якунланди.