ҚАТАР ДАВЛАТИ ИШБИЛАРМОНЛАР ДОИРАЛАРИ, САРМОЯДОРЛАРИ ВА ШИРКАТЛАРИ БИЛАН МУЛОҚОТ
22 январ куни Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси – Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон Қатар Давлатига давлат сафари доирасида Давҳа шаҳрида Қатар Давлати ишбилармонлар доиралари, сармоядорлари ва ширкатлари билан мулоқот ўтказди.
Мамлакат Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон Қатар Давлати Савдо ва саноат вазири Шайх Муҳаммад бин Ҳамад бин Қосим Оли Соний иштирокида ўтказилган Тожикистон ва Қатар тадбиркорлари форумида нутқ сўзлади.
Миллат пешвоси ўз нутқи чоғида бугунги мулоқотдан кўзланган мақсад икки дўст ва биродар давлат ўртасида савдо, иқтисодий ва сармоячилик соҳаларидаги ҳамкорликлар учун янада кенгроқ имкониятлар тақдим этиш эканлигини таъкидлади.
Давлат бошлиғи муҳтарам Эмомали Раҳмон Тожикистоннинг бугунги иқтисодий аҳволи ва ҳамкорликнинг айрим истиқболли йўналишлари, жумладан, мамлакат иқтисодиётининг стратегик соҳаларини янада ривожлантириш йўллари ҳақида фикр билдирди.
Шу билан бирга, энергетика, саноат, транспорт, қишлоқ хўжалиги, молия ва банк, сайёҳлик соҳалари устувор тармоқлар сифатида талқин қилинди.
Иқтисодиётнинг турли жабҳаларига сармоя жалб этиш ва тадбиркорликни ривожлантириш Тожикистон Республикаси Ҳукумати иқтисодий сиёсатининг устувор йўналишларидан деб номланди.
Мамлакат Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон мамлакатнинг стратегик мақсадларини амалга оширишга мувофиқ Тожикистонда кенг сармоявий имкониятлар яратилаётгани, солиқ ва божхона имтиёзлари ва кафолатлари билан боғлиқ воситалардан фаол фойдаланилаётганини таъкидлади.
Тожикистоннинг Бутунжаҳон Савдо ташкилоти ва сармоядорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича бир қатор конвенцияларга аъзо эканлиги қонунчилигимиз халқаро меъёрларга мувофиқ эканлигидан далолат бериши таъкидланди.
Давлат бошлиғи муҳтарам Эмомали Раҳмон Тожикистон фаровон табиий бойликларга, хусусан, сув ва фойдали қазилмаларга бойлигини таъкидлади.
Давлат Сарвари мазмунли нутқи давомида саноатнинг устувор тармоқлари, жумладан, енгил ва озиқ-овқат саноати, металлургия, машинасозлик, қурилиш материаллари ва дори воситалари ишлаб чиқариш соҳаларига сармоя киритишнинг кенг имкониятларига ҳам тўхталиб ўтди.
Зикр этилган тармоқлардаги имкониятлардан самарали фойдаланиш замонавий технологиялар киритиш ва сармоя жалб этишини тақозо қилиши таъкидланди.
Тожикистонда бешта эркин иқтисодий минтақалар фаолият юритиб, хорижий сармоядорлар ва тадбиркорлар учун қулай шароитлар яратилган.
Миллат пешвоси муҳтарам Эмомали Раҳмон ўз нутқида қишлоқ хўжалиги, транспорт инфратузилмаси, логистика марказларини ташкил этиш, фуқаролар авиацияси ва сайёҳлик, хусусан, тоғ туризми, экологик ва соғломлаштириш туризми соҳаларида етакчи ширкатлар билан ҳамкорликларнинг кенг имкониятлари ҳақида ҳам ўз фикрларини билдирди.
Мамлакат Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон Тожикистон Ҳукумати зикр этилган устувор йўналишларда манфаатли ҳамкорликларни йўлга қўйиш бўйича қатарлик сармоядорларнинг таклифларини диққат билан ўрганиш ва қўллаб-қувватлашга тайёр эканини таъкидлади.
Анжуман якунида Қатар Давлати ишбилармонлар доиралари, тадбиркор ва сармоядорлари мамлакатимиз билан томонларни қизиқтирган турли соҳалардаги ҳамкорлик имкониятлари билан танишиш мақсадида Тожикистонга ташриф буюришга таклиф этилдилар.