ЮТУҚЛАР КӮП, КАМЧИЛИКЛАР ҲАМ ОЗ ЭМАС
Тожикистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Маориф ва илм соҳасида назорат агентлиги 2023 йили 905та ӯқув муассасасида таълим сифати бӯйича текширув ӯтказди. Жумладан, 804та ӯрта умумтаълим муассасаси, 43та хусусий ва республика мақомидаги таълим муассасаси (лицей, гимназия, президент мактаблари), 15та бошланғич касбий таълим муассасаси, 31та ӯрта ва 12та олий касб таълим муассасаси текширувдан ӯтказилди. Бу ҳақда агентлик директори Маҳмадтоир Саидзода матбуот анжумани чоғида журналистларга хабар берди.
Республика шаҳар ва ноҳияларидаги 804та ӯрта умумтаълим муассасаларида ӯтказилган текширувлар натижасида маълум бӯлдики, ӯқувчилар билимининг сифати 32,9 фоиз ва дарсларни ӯзлаштириш даражаси 78,2 фоизни ташкил қилади. Бу кӯрсаткич 2022 йилнинг шу даврига нисбатан 1,1 фоизга ва 2,8 фоизга кӯпайган.
Бошланғич касбий таълим муассасаларда мутахассислик ва умумий фанлардан билим сифати 21,8 фоиз ҳамда ӯзлаштириш даражаси 59,2 фоизни ташкил этади. Ӯрта касбий таълим муассасаларида ӯзлаштириш даражаси 73,7 фоизга тенг бӯлиб, 12та олий касбий таълим муассасаларида билим сифати 38,1 фоиз ва талабаларнинг дарсларни ӯзлаштириш даражаси 72,4 фоизни ташкил қилади.
Соҳада ютуқлар билан бирга камчиликлар ҳам мавжуд. Моддий-техник базанинг зарурий даражада эмаслиги, малакали ӯқитувчилар етишмаслиги, муаллимларнинг касбий даражаси пастлиги, юкламанинг белгиланган меъёрдан ортиқлиги, технология (меҳнат таълими), мусиқа, тасвирий санъат, чизмачилик ва жисмоний тарбия фанларининг дарс соатларини мутахассислиги бошқа бӯлган ӯқитувчилар зиммасига юклаш, умумтаълим муассасаларида талабаларнинг фаолият юритиши шулар жумласидандир.
Шунингдек, давлат ҳокимияти шаҳар ва ноҳиялар ижроия органлари ёш ӯқитувчилар учун белгиланган имтиёзларни ӯз вақтида таъминламаётгани таълим сифати пасайишига сабаб бӯлмоқда. Текширувлар натижасида муассасаларда ӯқитувчилар ҳамда ӯқувчиларга ишлаб чиқариш таълимидан сабоқ берадиган олий ва биринчи даражали усталар етишмаслиги, фан кабинетлари, лаборатория ва таълим устахоналарининг замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланмагани, давлат тилида чоп қилинган мутахассислик китобларининг етишмаслиги, ӯқувчиларнинг кам китоб ӯқиши ва компютер синфхоналарининг интернет тармоғига уланмагани каби камчиликлар ҳам ошкор этилди.