ИСТЕЪМОЛЧИЛАР ДАВЛАТ ҲИМОЯСИДА
«Тоҷикстандарт» агентлигига 2021 йилда 122 нафар, 2022 йилда 57 нафар, 2023 йилда 85 нафар истеъмолчилардан сотиб олган маҳсулотларининг нуқсони борлиги ёки сифати пастлиги туфайли сотувчилар қайтариб олмагани билан боғлиқ мурожаат келиб тушган. Ушбу маълумотни агентлик директори Темуржон Абдулваҳобзода матбуот анжумани чоғида “Ховар” ТМАА мухбирининг саволига жавоб тариқасида келтирди.
Унинг айтишича, давлат амалдаги қонунлар орқали ўз фуқароларининг истеъмолчи сифатида сифатли ва истеъмолчилар саломатлиги учун хавфсиз молу маҳсулотларни сотиб олиш ҳуқуқини кафолатлайди. Шу билан бирга, фуқароларни уларнинг иқтисодий аҳволига мос келмайдиган сифатсиз молу маҳсулотларни сотиб олишдан ҳимоя қилади. Шу мақсадда Тожикистон Республикасининг “Истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинган.
«Ушбу қонунда истеъмолчиларнинг асосий ҳуқуқлари, жумладан, ҳар бир истеъмолчини давлат томонидан ҳимоя қилиш, ҳаёти, саломатлиги ва хавфсизлигига таҳдид солувчи, фуқароларнинг қонуний ҳуқуқларининг бузилишига сабаб бўладиган молу маҳсулотларни сотиб олишдан хавфидан ҳимоя қилиш, молу маҳсулот нуқсонини бепул бартараф қилиш ёки уни алмаштириш, молу маҳсулот таннархини қоплаш ёки мос равишда унинг нархини пасайтириш, номақбул молу маҳсулотдан фойдаланиш натижасида етказилган маънавий зарарни қоплаш, сотиб олинадиган молу маҳсулот ва хизмат кўрсатиш тартиби тўғрисида аниқ ва тўлиқ маълумот тақдим этиш ҳамда истеъмолчига унинг ҳуқуқларини тушунтириб бериш кўрсатиб берилган»,- қўшимча қилди у.
Қонун талабларига кўра, сифатсиз маҳсулот сотиб олган ва сотувчи томонидан бу ҳақда огоҳлантирилмаган истеъмолчи уни худди шу каби маҳсулот ёки бошқа турдаги маҳсулотга алмаштириб беришларини талаб қилишга ҳақли эканлиги айтиб ўтилди. Шунингдек, сотувчи маҳсулотнинг нуқсонини бепул бартараф этиши ва уни истеъмолчи ёки учинчи шахс томонидан тузатиш учун сарфланган маблағни қоплаши шарт. Шу билан бирга, истеъмолчи сифатсиз молу маҳсулотни сотиш натижасида ўзига етказилган зарарнинг тўлиқ қопланишини, жиддий нуқсон аниқланган тақдирда эса 14 кун давомида техник жиҳатдан мураккаб ва қиммат молу маҳсулотларини алмаштиришни талаб қилиш ҳуқуқига эга.