БӮСТОН: ШАҲАР КӮЛИ ҚАЙТА ТИКЛАНМОҚДА
Бӯстон шаҳри республикамизнинг саноат минтақаларидан бири ҳисобланади. Ҳозирда шаҳарда 54та саноат корхонаси мавжуд бӯлиб, уларда 50 турдан ортиқ маҳсулот ишлаб чиқариш йӯлга қӯйилган. Ӯтган йили саноат маҳсулотини ишлаб чиқариш ҳажми электр ва сув хизматини қӯшиб ҳисоблаганда, 673,6 миллион сомоний таъминланган бӯлиб, ӯтган йилнинг шу даврига нисбатан амалдаги нархлар билан 59,1 миллион сомоний ёки 109,7 фоизни ташкил қилган. Бу ҳақда шаҳар раиси Нигорахон Ғаффорий йиллик матбуот анжуманида журналистларга маълум қилди.
Қайд этилишича, ӯтган йили шаҳарда 600та иш ӯрнига эга 8та янги корхона очилган. Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси-Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмоннинг бевосита иштирокида фойдаланишга топширилган “Мироб” МЧЖ полиэтилен қувур ишлаб чиқариш корхонаси шулардан биридир.
Шаҳарда ободончилик ва яратувчанлик ишларига ҳам алоҳида эътибор қаратилади. Тожикистон Республикаси давлат Мустақиллигининг 35 йиллигини муносиб кутиб олиш учун 223 банддан иборат тадбирлар режаси имзоланган бӯлиб, бугунги кунгача 83 бандда кӯрсатилган ишлар бажарилган. Шаҳар ҳудудидини обод ва кӯркам қилиш учун ӯтган йили хиёбон ва истироҳат майдонларига “Уй-жой коммунал хӯжалиги”давлат муассасаси томонидан 1810 туп доимяшил дарахт, 25700 туп атиргул ва 311320 тупдан ортиқ мавсумий гуллар ӯтқазилган.
Ӯтган йили бунёдкорлик ишлари доирасида шаҳар кӯлини қайта тиклашга киришилди. Тӯрт ой давомида кӯл ҳудуди тозаланиб, тӯлиқ таъмирдан чиқарилди. Бу ишларга 990 минг сомоний маблағ сарфланди. Бир пайтлар шаҳарнинг энг серодам гӯшаларидан бири бӯлган кӯл 16 йилдан бери ишламаётган эди. Эндиликда шаҳар ҳукуматининг сайъ-ҳаракати билан 24 гектар майдонни эгаллаган бу мавзе обод қилинмоқда. Ҳафтада бир марта умумий ҳашар ва шанбалик ӯтказилиб, кӯлнинг атрофига доимяшил ва манзарали дарахтлар ӯтқазилмоқда. Кӯлни сув билан тӯлдириш учун 6та сув тортиш ускунаси ишга туширилди. Шаҳар раисининг маълум қилишича, кӯлни шу йилнинг охиригача фойдаланишга топшириш режалаштирилган.