Тожикистон ва Татаристон музокаралари

22 феврал куни Россия Федерациясининг Қозон шаҳрида Тожикистон Республикаси ва Татаристон Республикаси расмий делегацияларининг мулоқот ва музокаралари бўлиб ўтди.
Учрашув аввалида Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон Татаристон Республикаси Раиси Рустам Миннихановга самимий қабул учун миннатдорчилик билдирди ва «Келажак ўйинлари» халқаро аралаш турнирининг ташкил этилишини юқори баҳолади.
Россия Федерацияси Тожикистоннинг стратегик ҳамкори ва иттифоқчиси, минтақавий даражадаги ҳамкорлик икки мамлакат муносабатларининг муҳим қисми эканлиги таъкидланди.
Қайд этилганидек, ҳозирда Россиянинг саксондан ортиқ федерал субъектлари Тожикистон билан бевосита алоқада ӯрнатган.
Музокаралар чоғида Тожикистон Татаристон Республикаси билан савдо-иқтисодий ҳамкорлик ва сармояларни янада кенгайтиришдан манфаатдор эканлиги таъкидланди. Хусусан, металлургия, кимё, енгил саноат, озиқ-овқат ва фармацевтика каби турли соҳалардаги ҳамкорлик фойдали истиқболга эга йўналиш деб номланди.
Икки мамлакат учун фойдали бўлган соҳалар, жумладан энергетика, тоғ-кон, нефт-газ, қурилиш ва қишлоқ хўжалигида ҳамкорликни кенгайтириш, шунингдек, Тожикистон ва Татаристонда қўшма улгуржи ва логистика савдо марказларини яратишга катта эътибор қаратилди.
Маориф, соғлиқни сақлаш, меҳнат муҳожирлиги ва сайёҳлик соҳаларидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳам суҳбатнинг муҳим мавзуси бўлди.
Меҳнат бозори талабларига мувофиқ малакали кадрлар тайёрлаш бўйича ҳамкорликни кучайтириш таклиф қилинди.
Учрашув ва музокаралар давомида ўзларини қизиқтирган бошқа масалалар бўйича ҳам ўзаро манфаатли келишувларга эришилди.