БМТ нинг иқлим масалаларига бағишланган олтинчи саммит бошланди
Атроф-муҳит бўйича БМТ Дастури бош қароргоҳи жойлашган Кения пойтахти Найробида иқлим масалаларига бағишланган олтинчи саммит бошланди. Анжуманда миллий делегациялардан 70 дан зиёд вазир, жами уч мингдан ортиқ вакил иштирок этмоқда.
26 февралда бошланган, 1 мартга қадар чўзиладиган мазкур йирик тадбирда сайёрамиз дуч келаётган “уч ёқлама инқироз – иқлим ўзгариши, биология хилма-хиллиги йўқолиб бориши ва атроф-муҳит ифлосланиши билан боғлиқ муаммолар муҳокама қилиняпти.
– Бу инқирозлар сайёрамиздаги ҳар бир кишига, миллати, ирқи, дини ёки жинсидан қатъи назар, салбий таъсир қилмоқда, – деди БМТ Атроф-муҳит бўйича Дастури ижрочи директори Ингер Андерсен. “Сессияларда сиёсий етакчилар 20 дан кўп резолюция лойиҳасини муҳокама қилишади”, дейилган ташкилот сайтида берилган хабарда.
Лойиҳаларда мамлакатлар ҳаво сифатини яхшилаш, иқлим ўзгариши билан боғлиқ муаммоларни бартараф қилиш масаласига жиддий ёндашиш, ҳавони кимёвий ифлослантиришга чек қўйиш, чўлланишга қарши курашиш ва биология хилма-хиллиги йўқолишига барҳам беришга чақирилган. Таъкидлаш жоиз, резолюциялар мажбурий юридик кучга эга бўлмаса-да, глобал экологик келишувга эришиш ва айни йўналишда миллий сиёсат ишлаб чиқиш йўлида муҳим қадам ҳисобланади.