ВАТАНГА ХИЗМАТ ШАРАФДИР!
Турсунзода шаҳрининг 200 нафар ёшлари кўнгиллилар қатори Қуролли кучлар сафига қўшилдилар
Баҳорги чақириқнинг дастлабки кунида Турсунзода шаҳрининг 200 нафар ёшлари кўнгиллилар қатори Тожикистон Республикаси Қуролли кучлари сафига отландилар.
Бўлажак аскарларни ҳарбий хизматга кузатиш чоғида юртимиз сарҳадлари, тупроғи ва сувини азиз деб билган ҳар бир жасур ўғлон учун Ватан ва миллатга хизмат қилиш муқаддас бурч, ғурур ва ифтихор эканлиги, бугунги кунда мард ва шижоатли ёшларнинг мустақиллик йилларида эришилган ютуқлар – тинчлик-осойишталик, сиёсий барқарорлик ва миллий бирликни ҳимоя қилишдаги ўрни муҳимлиги таъкидланди.
Ватанимиз муқаддас заминининг ҳар бир парчасини ҳимоя қилиш фарзандлик бурчи ва вазифаси ҳамда буюк шараф эканлиги айтиб ўтилди.
Шунингдек, мамлакат Ҳукумати Ватаннинг мард ва жасур зобит ва аскарлари учун қулай шарт-шароитлар яратиш бўйича мақсадли тадбирларни амалга ошираётгани қайд этилди. Мамлакат Қуролли кучлари ҳарбий қисм ва бўлинмаларида қулай шароитлар яратилганини инобатга олган ҳолда ҳарбий хизматга отланган кўнгилли ёшлар сафи йилдан-йилга ортиб бормоқда.
Тадбир якунида қисқа муддатли ҳайдовчилик курсларида таҳсил олган ёшларга ҳайдовчилик гувоҳномаси топширилди.
Эслатиб ўтамиз, ҳар йили 1 апрел куни мамлакатимизнинг барча шаҳар ва ноҳияларида Тожикистон Республикаси Қуролли кучлари сафига баҳорги чақириқ маъракаси бошланиб, 31 майгача давом этади. Бу йил ҳарбий хизматга 1997-2006 йилларда туғилган ёшлар чақирилади.