ҲАРБИЙ ХИЗМАТГА САФАРБАРЛИК БОШЛАНДИ
Суғд вилоятининг Жаббор Расулов ноҳиясида ёшларни Тожикистон Республикаси Қуролли кучлари сафига баҳорги чақирув мавсуми бошланиши муносабати билан Муддатли ҳарбий хизматга чақирилувчи куни бўлиб ўтди.
Маросим чоғида Жаббор Расулов ноҳияси Ҳаёти нав қишлоқ жамоати биринчилардан бўлиб, баҳорги чақирувнинг дастлабки кунида режани 100 фоизга бажаргани айтиб ўтилди.
Жорий йил баҳорги чақирув кампаниясида виждон амри билан мамлакат Қуролли кучлари сафида фуқаролик бурчини адо этишга отланган мард, шижоатли ёшлар сони ортгани таъкидланди. Иштирокчилар Ватан ҳимоясига ҳозир бўлган ёшларнинг юксак ватанпарварлик, масъулиятшунослик, миллийлик, матонат ва мардлик туйғулари ҳақида эслатиб, уларнинг ота-оналарига ана шундай ғайратли, ор-номусли фарзанд тарбиялаганлари учун миннатдорчилик изҳор этдилар.
Йиғилиш якунида Мудофаага ёрдам ташкилоти курсларида бепул тарзда таҳсил олган ёшларга ҳайдовчилик гувоҳномаси топширилди.
Сўнгра ватанпарварлик руҳидаги тароналар янграган концерт дастури намойиш этилди.