Қуролли кучлари сафига чақирилувчиларни тантанали кузатиш маросими
1 апрел куни Гулистон шаҳри марказидаги Тожикистон Республикаси Давлат герби майдонида мамлакат Қуролли кучлари сафига чақирилувчиларни тантанали кузатиш маросими бўлиб ўтди.
Йиғилишда мамлакат Қуролли кучлари ўта нозик ва мураккаб даврда таъсис этилиб, қисқа вақт ичида жиддий синовлардан ўтгани ва такомиллашгани таъкидланди. Айни пайтда Қуролли кучлар қудратли, ҳар жиҳатдан жиҳозланган ва шаклланган куч сифатида давлат хавфсизлиги ва юртимиз тинчлигини таъминламоқда.
Мамлакат Ҳукумати Қуролли кучлар таъсис этилган дастлабки кунларданоқ, иқтисодий ва молиявий жиҳатдан чекланган имкониятларга қарамай, ҳарбий инфратузилмани бунёд этиш, махсуслаштирилган ҳарбий қисм ва бўлимларни таъсис этиш, уларни замонавий техника ва ускуналар билан таъминлаш ҳамда ҳарбий хизматчиларга муносиб хизмат ва турмуш шароитлари яратиш бўйича барча табирларни амалга оширди ва бу жараён бугунги кунда ҳам давом этмоқда.
Бугунги кунда Гулистон шаҳрининг юзлаб ёшлари Тожикистон Республикаси Қуролли кучлари сафида Ватан олдидаги фарзандлик бурчларини шараф билан ўтаётгани таъкидланди.
Баҳорги чақирувнинг дастлабки кунида Чоруқдаррон, Зарнисор ва Навгарзан жамоатлари чақирув режасини тўлиқ бажаргани қувонарли ҳолдир.
Тантанали маросимда ҳайдовчилик курсларини битирган бир қатор ёшларга ҳайдовчилик гувоҳномалари топширилди.
Сўнгра анъанага мувофиқ, нон тишлатиш маросими ўтказилди. Шаҳар маданият бўлими санъаткорлари иштирокчилар кўнглини хушнуд этиш учун ранг-баранг маданий дастур намойиш қилдилар.