Лахшда кўчат ўтқазиш маъракаси

Давлат ҳокимияти Лахш ноҳияси ижроия органи ташаббуси билан Ваҳдат шаҳарчаси жамоати ҳудудида кўчат экиш маъракаси бошланиб, бугунги кунгача 1200 туп мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экилгани ҳақида Лахш ноҳияси атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўлими мудири Эраж Камолов “Ховар” ТМАА мухбири Субҳониддини Маҳмудга маълум қилди.
Режага кўра, 2023-2024 йилларда Лахш ноҳиясида 11 минг 770 туп дарахт кўчатлари ҳамда 2000 туп гул ва буталар экилиши керак. Шуниси қувонарлики, мамлакат Ҳукуматининг дастур ва топшириқлари ҳамда Тожикистон Республикаси Президентининг мамлакат Олий Мажлисига йўллаган Паёмидаги атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича кўрсаткичларини амалга татбиқ этиш доирасида Лахш ноҳияси аҳолиси умумхалқ ҳашарларини йўлга қўйиш билан дарахт экиш ва кўкаламзорлаштириш режасини бажармоқдалар.
Лахш ноҳияси Ўрмон хўжалиги давлат муассасаси директори Қадриддин Рўзиев: “Ноҳия ўрмон хўжалиги ерлари ҳудудида жорий йилнинг уч ойида 7 гектар майдонда янги ўрмон барпо этилиб, 10 гектар ўрмон тикланди. Муассаса режасига кўра, кўчат экиш мавсуми якунлангунига қадар 27 гектар майдонда янги ўрмон бунёд этишимиз ва 40 гектар йўқолиб кетган ўрмонни тиклашимиз керак. Ўрмон хўжалиги ерларида асосан, ёнғоқ, наъматак, олма, олча каби мевали ва игнабаргли ҳамда терак дарахти кўчатлари экилади. Бугунги кунгача 11 гектардан ортиқ майдонга 150 килограмм аччиқ бодом, шафтоли, ўрик ва ёнғоқ уруғлари экилди ва бу келгусида янги ўрмонзор бунёд этишга хизмат қилади”, – дея таъкидлади.
Лахш ноҳияси шаҳарча ва қишлоқлар жамоатида дарахт кўчатлари мутахассислар тавсияси билан агротехника қоидаларига риоя қилинган ва минтақа иқлимини инобатга олган ҳолда экилади.
Давлат ҳокимияти Лахш ноҳияси ижроия органи, ноҳиядаги турли тузилмалар ходимлари ва шаҳарча ҳамда қишлоқлар аҳолиси кўчат экиш маъракасида фаол иштирок этиб, ноҳияни ободонлаштиришга салмоқли ҳисса қўшмоқдалар.