Ёшлар ва спорт соҳасида алоқалар кенгаяди
Тожикистон Республикаси Ҳукумати қошидаги Ёшлар билан ишлаш ва спорт комитети раиси Зулфиқор Гулаҳмадзода Тожикистон ва Франция ўртасида ёшлар билан ишлаш ва спорт соҳасидаги ҳамкорликларни мустаҳкамлаш мақсадида Франциянинг Тожикистон Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Элза Пинёл билан учрашди. Бу ҳақда «Ховар» ТМААга Ёшлар билан ишлаш ва спорт комитетининг ахборот-таҳлилий марказида хабар берилди.
Учрашувда ёшлар ва спорт соҳасида икки томонлама алоқаларни кенгайтириш, икки давлат спорт мактаблари ўртасидаги ҳамкорликларни амалга ошириш, Тожикистонда Франция олимпиада спортчиларининг тажрибасини ўрганиш, шунингдек, Тожикистон Олимпиада терма жамоасининг “Париж-2024” Ёзги Олимпиада ўйинларига тайёргарлигига доир масалалар юзасидан фикр алмашилди. Мулоқот жараёнида турли чора-тадбирлар, қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш муҳокама қилинди.
Томонлар ҳамкорликларни мустаҳкамлаш, Тожикистон ва Франция ҳудудида ўтказиладиган халқаро тадбирларда икки давлат ёшлари ва спортчиларининг фаол иштирок этишларига кўмаклашишга келишиб олдилар.