МИЛЛАТ ПЕШВОСИ МУҲТАРАМ ЭМОМАЛИ РАҲМОННИНГ РАМАЗОН ҲАЙИТИ МУНОСАБАТИ БИЛАН ТАБРИГИ
МИЛЛАТ ПЕШВОСИ МУҲТАРАМ ЭМОМАЛИ РАҲМОННИНГ РАМАЗОН ҲАЙИТИ МУНОСАБАТИ БИЛАН ТАБРИГИ
2024 йил 9 апрел, Душанбе шаҳри.
Азиз ватандошлар!
Бугун шомда муборак Рамазон ойи охирига етади ва эртага Рамазон ҳайити бошланади.
Ушбу муборак диний-эътиқодий байрам муносабати билан Тожикистоннинг шарафли халқи ва хориждаги ватандошларни самимий табриклайман.
Мамлакат ҳар бир фуқаросининг хонадонига саодатли ҳаёт ва азиз Ватанимиз учун абадий тинчлигу барқарорлик тилайман.
Муборак Рамазон ойи ва Рамазон ҳайити арафасида ҳар бир уйғоқ қалбли одам хайрли амалларни бажариш, етимлару ногиронлар кўнглини шод қилиш, беморлар, камтаъминланган оилалар ва қаровчисиз қолганларга ёрдам қўлини чўзиб, савоб эришишга интилади.
Ҳайит арафасида хайру садақалар бериш ва саховат қилиш эзгу анъана ва суннат бўлиб, халқимиз унга жиддий эътибор қаратади.
Шариат аҳкомларига биноан, ҳар бир мўмин ва эътиқодли киши, айнан, унинг номаи аъмолига ёзиладиган ва ўлимидан кейин, яъни охиратда унинг саодатига сабаб бўладиган хайру садақалар қилади ё яхши амалларни бажаради.
Шундай экан, ҳар бир мўмин киши гуноҳ қилмаслик ва бировнинг кўнглини ранжитмасликка ҳаракат қилгани яхшироқ эмасми?
Шунингдек, солиҳ фарзанд аждодлари ва хусусан, ота-онасининг яхши номини тирик сақлаш учун етимлар, қаровчисиз қолган, камтаъминланган оилалар, ногиронлар яшаш жойини обод қилиши, йўл таъмирлаши, маҳаллага сув чиқариши, таълим, тиббиёт муассасалари қурилиши ё таъмирланишига ҳисса қўшиши, цех ташкил этиш орқали иш ўрни таъсис этиши, бошқаларга манфаат берувчи ва савоби жория бўлувчи бошқа амалларни бажариши яхшироқдир.
Бу ишлар ҳар қандай маъракалар, намойишкорона дастурхон тузатиш ва исрофгарчиликка қараганда, албатта, кўпроқ савобга эга.
Етимлар, ногиронлар, беморлару қаровчисиз қолганлар ва бошқа камтаъминлангану муҳтож шахсларга ёрдам қўлини чўзиш Қуръони Каримда Худонинг хурсандчилигига сабаб бўладиган омиллар сифатида зикр этилган.
Яратган бу борада «Анъом» сурасининг 160-оятида шундай буюради: «Ким бир яхшилик қилса, унга ундан ўн ҳисса (кўп савоб берилажак!)».
Ислом пайғамбари бу масала юзасидан ўзининг бир ҳадисида шундай деган: «Одам ўлганида уч нарса: садақаи жорияси, бошқалар фойдалаётган илми ва унинг учун дуо қиладиган яхши фарзандидан ташқари, унинг амали (ва дунё билан боғлиқ ҳар бир алоқаси) тўхтатилади».
Шу сабабли, халқ, жумладан, ёшлар ўз ҳаёти давомида жамият манфаатига йўналтирилган ва билиму маърифат ривожланишига қаратилган хайрли амалларни бажаришга ҳаракат қилишлари керак.
Энг муҳими, ўз ота-онасига хизмат қилишсин, баракали умр кўриш учун уларнинг розиликлари ва яхши дуоларини олишсин.
Азиз ватандошлар!
Халқимиз Тожикистон Республикасининг «Анъана, тантана ва маросимларни тартибга солиш тўғрисида»ги қонуни қабул қилинганидан кейин унинг манфаатини яхши англаб етгани қониқиш боисидир.
Бугун фуқароларнинг тежалган маблағлари ҳаёт шароитини яхшилаш, яшаш манзилларини қуришу обод қилиш ва бошқа хайрли амалларга йўналтирилмоқда.
Вақт ўтиши ва бошқа томондан, сайёра аҳолисини озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш ҳолатининг борган сайин мураккаблашаётгани, иқлим ўзгаришининг оқибатлари – дунёнинг аксарият минтақалари, жумладан, мамлакатимиздаги сувсизлигу қурғоқчилик бу йўналишда қабул қилган ташаббусларимиз тўғрилигини кўрсатмоқда.
Азиз ватандошларимиз уюштирилган фуқаролик уруши йилларидаги қаҳатчилигу очликни яхши эслашади.
Шунинг учун, ҳар бир оила ва мамлакатнинг барча аҳолиси маросиму маъракалар ўтказиш, жумладан, ҳайит кунларида исрофгарчилик, намойишкорлик ва риёкорликка йўл қўймасликлари ҳамда оила-ю фарзандлари ҳақида ўйлашлари зарур.
Намойишкорлигу исрофгарчилик ўрнига фарзандларимиз таълим-тарбияси учун яхшироқ шароит яратайлик, уларни сифатли озиқ-овқат, кийим-кечак ва ўқув қуроллари билан таъминлайлик, оиламиз аъзолари учун ҳаётнинг янада яхшироқ шароитини яратиш ва озиқ-овқат маҳсулотларини захира қилиш ҳақида ўйлайлик.
Такроран таъкидлайман: фарзандларимиз тарбияси ва таъминоти ҳақида кўпроқ ўйлашимиз, уларни илму билим ва касбу ҳунар эгаси, давлату миллатга содиқ, Ватанни чин дилдан севувчи, мустаҳкам иродага эга, келажакда аждодлари юртига эгалик ва обод қила оладиган, яратувчан ва бунёдкор қилиб тарбиялашимиз керак.
Бунинг учун бутун жамият илму маърифатга юз тутиши, фарзандлар таҳсили, таълим даражаси-ю сифатини юксалтириш ва ўсмирлару ёшларни саводли, маърифатли қилишга биринчи даражали эътибор берилиши зарур.
Фарзандларимизни тожик миллатининг яхши номига доғ тушишига сабаб бўладиган эмас, балки ота-онасига дуо олиб келадиган, халқаро майдонда давлату миллат обрўсини юксалтирадиган қилиб тарбиялашимиз керак.
Бундай номаъқул ҳаракатлар тожик ота-онаси ва маданиятли-ю қадимий тожик миллатининг шаънига муносиб эмас.
Шундай экан, келинг, фарзандларимизни тўғри тарбиялайлик, уларга илм, одоб ва эзгу ахлоқни ўргатайлик, келажакда, яъни биздан кейин ҳаётда азият чекмасликлари ва йўлини йўқотмасликлари учун касб-ҳунарли қилайлик.
Хусусан, мамлакатимизда баҳор мавсуми, яъни экин-тикин вақти бўлган бугунги кунда деҳқонлар қаторида фарзандларимиз ва оиламиз аъзоларини заҳмат чекиш, уч-тўрт ҳосил етиштириш, халқимизнинг бирорта оиласи муҳтож ва бошқалар қўлига қараб қолмаслиги учун маҳсулот етиштириш ҳажмини ошириш ва озиқ-овқат захира қилишга чорлайлик.
Анъаналарни тартибга солиш тўғрисидаги миллий қонунимиз хусусиятларидан бири унинг маънавий томонидир.
Қонунда халқ Рамазон ва Қурбон ҳайити кунларида маънавий дастурхон ясатиб, исрофгарчилик ва намойишкорликка йўл қўймасликлари келтирилган.
«Маънавий дастурхон» тузатиш – хайрли ишларни бажариш, жумладан, ота-она, қариндош-уруғлар зиёратига бориш, азадорлардан хабар олиш, ўтганлар руҳига дуо-ю фотиҳа қилиш, фарзандларга насиҳат қилиш ва ёшлару ўсмирларни тўғри йўлга йўналтиришдан иборат бўлиб, халқимизнинг эзгу ва хайрли анъаналаридан ҳисобланади.
Рамазон ва Қурбон ҳайитлари тўй эмас, балки маънавий бир маросим, яъни хабар олиш, зиёрат қилиш, ўтганлар хотирасини қадрлаш, улар ҳақига дуо қилиш, мамлакатимиз тинчлигу осойишталиги ва тинчлигу барқарорлигига шукрона келтиришдан иборат эканлигини унутмаслик керак.
Ота-оналар байрам кунининг исрофгарона дастурхонини тузатиш ўрнига, яъни бир кунлик харажату исроф ўрнига оила аъзолари ва фарзандлари ҳар кун байрам эканлигини ҳис этишлари учун уларга байрамона муҳит яратиш ҳақида ўйлашлари зарур.
Аслида биз – Тожикистон халқи серфарзанд халқмиз, қариндош-уруғларимиз ҳам кўп ва бир-биримизнинг ҳол-аҳволимиздан доимо хабардор бўлиш азалий миллий одатимиз саналади.
Ҳар бир оила бир йилда 10-12 марта қариндош-уруғлари ва яқинларини меҳмон қилади.
Уларни тожикларга хос миллий одобу анъаналарга риоя этиш билан меҳмон қилиш биз учун савобли иш ва байрам дастурхонини тузатишга нисбатан кўпроқ хайру вожибликларга эга ҳисобланади.
Азиз ватандошлар!
Мен 9 март куни жамоатчилик фаоллари ва дин ходимлари билан мулоқотда сўзлаган нутқимда мамлакатимиздаги диний вазият ва бу борадаги муаммоларни ҳал қилиш йўллари ҳақида ўз фикр ва мулоҳазаларимни батафсил баён қилган эдим.
Давлат ва мамлакат Ҳукумати Конституция ва бошқа қонунлар асосида жамият хавфсизлигини таъминлаш, тинчлик, барқарорлик, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилиш ҳамда халқнинг осойишта ҳаёти учун қулай шароитлар яратиш йўлида барча воситалардан фойдаланади.
Шунингдек, эслатиб ўтмоқчиманки, фуқароларимиз, хусусан, юртимизнинг кекса авлод вакиллари ўтган асрнинг 90-йилларида мамлакатимиз халқига кўплаб бахтсизликлар олиб келган уюштирилган фуқаролар урушининг омиллари ва сабабларини унутмасликлари керак.
Шу муносабат билан яна бир марта муҳтарам ота-оналар, устозлар ва мураббийлар, юртимиз зиёлилари ва жамоатчилик фаолларини ушбу масалаларга бетарафлик ва лоқайдлик билан қарамасликка, фарзандлар тарбиясига янада жиддийроқ эътибор қаратишга, уларни назоратсиз қолдирмасликка, қаерда бўлмасинлар, улар билан алоқада бўлишга ва доимо тўғри йўлга ҳидоят қилишга чақираман.
Халқимизнинг ҳуқуқий маърифатини юксалтиришга жиддий эътибор қаратишимиз, Конституция ва мамлакатимизнинг амалдаги қонунлари доирасида ҳаёт кечириш ва фаолият юритишни ўрганишимиз, қонунларга риоя қилишни кундалик одатимизга айлантиришимиз керак.
Биз замонавий дунёнинг нақадар ҳассос эканини, дунёни қайта тақсимлаш жараёни, шиддатли қуролланиш ва “совуқ уруш”нинг янги босқичи кундан-кунга кучайиб бораётганини кўриб турибмиз ва эртага нима бўлишини ҳеч ким башорат қила олмайди.
Мана шундай ўта мураккаб ва таҳликали шароитда фуқароларимиз ва фарзандларимиз ўз манфаатларини кўзлаган гуруҳлар ва кучлар қўлида ўйинчоқ бўлиб қолишига йўл қўймайлик.
Шу нуқтаи назардан, бугунги кундаги вазият сиёсий ақлу заковатни ошириш, миллий қадриятларни англаш ва янада чуқур ҳис этиш, ўзликни англаш ва миллийликни кенгайтириш, тил, маданият ва халқимизнинг тарихий мероси, миллий анъаналар, урф-одатлар ва маросимларга эътибор қаратиш зарурлигини вужудга келтиргани мутлақо табиий ҳолдир.
Халқимизнинг асрлар оша шаклланган азалий қадриятларини яратувчан ва баркамол авлодларни тарбиялаш йўлида асраб-авайлашимиз, ундан фойдаланишимиз ва мерос қолдиришимиз лозим.
Аввало, давлатимиз ва миллатимиз ҳақида ўйлашимиз, тожик халқи азалдан инсонпарвар ва бағрикенг бўлиб, илми, маданияти ва адабиёти билан башарият тарихи ва тамаддуни саҳифаларига ўз номини ёзиб қолдирганини ёдда тутмоғимиз керак.
Ҳамиша ҳамжиҳат ва давлатимиз байроғи остида бирлашмоғимиз, оғир дамларда бир-биримизнинг қўлимиздан тутиб, бир-биримизга ёрдам бермоғимиз лозим.
Биз ўз давлатимиз ва Ватанимизга эгалигимиз, мустақиллик ва озодлик, тинчлик ва барқарорлик неъматлари ҳамда миллий бирдамлик учун шукрона келтиришимиз керак.
Зеро, айнан, уларнинг шарофати туфайли бугунги кунда бунёдкор ва яратувчан, ватанпарвар ва шарафли халқимиз давлатимизни янада ривожлантириш йўлида ҳамжиҳатлик ва садоқат билан меҳнат қилмоқда.
Тожик халқи ўзининг минг йиллик тарихи давомида қанчадан-қанча оғир ва мураккаб даврларни бошидан кечиргани, юз минглаб фарзандлари бахтли кунларга эришиш учун курашиб, бу йўлда ўз жонини қурбон қилганини доимо ёдда тутмоғимиз лозим.
Шукрки, мустақиллик ва озодликка эришдик, бугун юрт ва давлат эгасимиз.
Биз энди давлат бунёд этмоқдамиз.
Мен юзлаб муаммо ва камчиликларимиз борлигини биламан, аммо ҳеч ким бизнинг Ватанимизни, яъни уйимизни обод қилиш фикрида эмаслигини унутмаслигимиз керак.
Бу юртнинг ободлиги ва ҳимояси ҳақида фақат сиз ва биз ўйлашимиз керак.
Бунинг учун, аввало, вақт, куч, сабру тоқат, юксак сиёсий ва ҳуқуқий маърифат, метин ирода, ор-номус ва юксак миллийлик туйғусига эга бўлиш зарур.
Мен Тожикистоннинг шарафли халқи буларнинг барчасига эга эканлигини биламан.
Устувор тинчлик ва осойишталик, сиёсий барқарорлик ва миллий бирдамлик умидида юртимизнинг шарафли халқини ва хориждаги ватандошларни муборак Рамазон ҳайити кириб келаётгани билан самимий табриклаб, ҳар бирингизга мукаммал иймону эътиқод, баракали ризқу рўз ва хонадонингиз доимо обод бўлишини тилайман.
Рамазон ҳайити муборак бўлсин, азиз ватандошлар!
«Ховар» ТМАА.