“ТИТАН 8888” МАСЪУЛИЯТИ ЧЕКЛАНГАН ЖАМИЯТИНИНГ ИШЛАБ ЧИҚАРИШ КОРХОНАСИ ФОЙДАЛАНИШГА ТОПШИРИЛДИ

9 апрел куни Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси – Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон Суғд вилоятининг Бобожон Ғафуров ноҳиясига ташриф буюриб, “Титан 8888” масъулияти чекланган жамиятининг ишлаб чиқариш корхонасини фойдаланишга топширди.
1,3 гектар майдонда жойлашган янги саноат корхонаси, асосан, иситиш ускуналари – радиаторлар, маиший мақсадларда фойдаланиш учун турли ўлчамдаги қозонлар ва ёритиш лампалари (прожекторлар) ишлаб чиқаради ва ҳашаматли ишлаб чиқариш корхонасининг ишга туширилиши билан 100 нафар маҳаллий мутахассислар доимий иш жойи ва яхши маош билан таъминландилар. Келгусида бу ерда ишчилар сони 170тага етказилади ва айни пайтда ўртача иш ҳақи 2500 сомонийни ташкил қилади.
“Титан 8888” масъулияти чекланган жамиятининг ишлаб чиқариш корхонаси тўртинчи умуммиллий мақсад – мамлакатни жадал суръатларда саноатлаштиришни ҳар томонлама амалга ошириш жараёнида “Саноатни ривожлнтириш йиллари” ва Тожикистон Республикаси давлат Мустақиллигининг 35 йиллигини муносиб кутиб олиш доирасида маҳаллий тадбиркорлар – ака-ука Тожибоевлар томонидан 25 миллион сомоний маблағ эвазига бунёд этилди.
Корхонада Хитой, Туркия ва Россиянинг нуфузли ширкатларидан келтирилган замонавий технологик тармоқлар ёрдамида ойига 500 тонна, йилига 6 минг тонна алюминий чиқиндилари қайта ишланиб, ундан тайёр маҳсулот ишлаб чиқарилади.
Айни дамда корхонада 2 турдаги иситиш ускуналари, 3 турдаги ёритиш лампалари ва рўзғорда ишлатиладиган ҳажми 2 литрдан 300литргача бўлган 20 турдан ортиқ қозонлар ўзига хос дизайн ва юқори сифатда ишлаб чиқарилмоқда.
Корхона ҳудудида хом ашё ва тайёр маҳсулотларни сақлаш учун мўлжалланган 6та омбор фойдаланишга топширилиб, маъмурий бино, 80 ўринга мўлжалланган ошхона ва бошқа ёрдамчи иншоотлар ишчилар ва ходимларнинг қулай шароитларда меҳнат қилишларига имкон яратмоқда.
Таъкидлаш жоизки, илгарилари ички бозорнинг ушбу молу маҳсулотга бўлган талаби тўлиқ импорт ҳисобига таъминланар эди. Мазкур корхонанинг ишга туширилиши билан ички бозорнинг иситиш ускуналари, ёритиш лампалари ва маиший рўзғор қозонларига бўлган талабининг 50 фоиздан ортиғини маҳаллий маҳсулотлар ҳисобига таъминлаш учун имкон яратилади.
Давлат бошлиғи муҳтарам Эмомали Раҳмонга ишлаб чиқариш жараёни билан танишуви чоғида маълум қилишларича, хом ашё – иккинчи даражали алюминий республика ҳудудидан етказиб берилиб, махсус печлар ёрдамида эритилади ва қолиплаш, майдалаш, бўяш, алоҳида қисмларни йиғиш ва ўрнатиш, шунингдек, тайёр маҳсулотларни қадоқлаш билан боғлиқ ишларни бажариш жараёни алоҳида цехларда бугунги замон талабларига мувофиқ амалга оширилади.
Миллат пешвоси муҳтарам Эмомали Раҳмон мутасаддиларнинг ана шундай замонавий саноат корхонасини ташкил этиш борасидаги бошлама ва ташаббусларини юқори баҳолаб, маҳсулот ишлаб чиқаришда унинг сифатига алоҳида эътибор қаратиш бўйича топшириқлар берди.
“Титан 8888” масъулияти чекланган жамиятининг ишлаб чиқариш корхонаси таъсисчиларининг асосий мақсади сифатни ошириш, нархларни пасайтириш ва мижозларнинг талаб ва эҳтиёжларини қондириш, қўшни давлатлар ва узоқ хориж бозорига босқичма-босқич кириб боришдан иборат эканлиги таъкидланди.
Корхона масъуллари келгусида мамлакатимиз аҳолиси, ташкилот ва муассасалар эҳтиёжларини инобатга олиб, маҳсулот ҳажми ва турини кўпайтириш ҳамда Душанбе, Хужанд, Бохтар ва Хоруғ шаҳарларида ўз бренд дўконларини таъсис этишга қарор қилганлар. Шу билан бирга, тайёр маҳсулотлар – иситиш ускуналари, ёритиш лампалари ва қозонларни экспорт қилиш бўйича режалар ишлаб чиқилиб, бу борада Россия Федерацияси ва Озарбайжон Республикасининг бир қатор тижорат ширкатлари билан ҳамкорлик шартномалари имзоланган.
Тожикистонда иситиш ускуналари – радиаторлар, турли ўлчамдаги рўзғор қозонлари ва ёритиш лампалари ишлаб чиқарувчиларнинг биринчиларидан ҳисобланган “Титан 8888” масъулияти чекланган жамиятининг ишлаб чиқариш корхонасини ишга тушириш маҳаллий ишлаб чиқаришни ривожлантириш, шунингдек, янги иш ўринларини таъсис этиш йўлидаги муҳим ва ўз вақтидаги ташаббус деб номланди.