БАЛИҚНИ ҚАЙТА ИШЛАШ КОРХОНАСИ ОЧИЛДИ

9 апрел куни Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси – Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон Суғд вилояти Гулистон шаҳрининг Сарбанд маҳалласида балиқни қайта ишлаш корхонасини фойдаланишга топшириб, ишлаб чиқариш тармоғи жараёни билан танишди.
Ишлаб чиқариш корхонаси Тожикистон Республикаси давлат Мустақиллигининг 35 йиллиги истиқболига бунёд этилган корхоналар жумласидан бўлиб, унинг ишлаб чиқариш салоҳияти бир кунда ва бир сменада 1 тонна балиқни қайта ишлаш ва 5000 қутидан ортиқ балиқ консерваси ишлаб чиқаришга тенгдир.
Корхона Миллат пешвосининг дастур ва топшириқлари доирасида ҳарбий тузилмаларни ва ички бозорни балиқ консервалари билан таъминлаш мақсадида таъсис этилган бўлиб, у ерда икки сменада кўпчилиги хотин-қизлар бўлган 50 нафар маҳаллий аҳоли иш жойи билан таъминланган.
Айни пайтда ишчилар хом ашё ва замонавий технологиялардан фойдаланган ҳолда 200 граммлик темир қутиларда балиқ консервалари ишлаб чиқарадилар.
Ушбу саноат соҳаси иншооти “Таъминоти моҳӣ” ОҲЖ негизида “Моҳии тоҷик” корпорацияси масъулияти чекланган жамияти томонидан Тожикистон Республикаси Ҳукумати қошидаги Махсус мулк билан таъминлаш агентлиги билан ҳамкорликда бунёд этилиб, муҳим стратегик мақсадлар – мамлакатни жадал суръатларда саноатлаштириш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга эришиш йўлидаги устувор қадамдир.
Давлат бошлиғи муҳтарам Эмомали Раҳмон аҳолининг ушбу турдаги паҳрез маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қондириш ва ҳарбий тузилмаларни таъминлаш борасидаги мазкур ташаббусни муҳим, деб баҳолаб, мутасаддиларни ишлаб чиқарилаётган маҳсулот сифатига жиддий эътибор қаратишга вазифадор қилди.
Шунингдек, балиқ консервалари ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш, хотин-қизлар ҳисобидан янги иш ўринларини яратиш билан бирга, замонавий музлатиш хоналари таъсис этиш бўйича зарур чора-тадбирларини амалга ошириш юзасидан кўрсатма берилди.
Суғд вилоятида ушбу турдаги паҳрез маҳсулотларини қайта ишлаш ва ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш учун кўплаб захира ва имкониятлар мавжуд. Вилоятда Тожик денгизидан ташқари “Моҳии тоҷик” корпорациясининг бешта балиқчилик хўжалиги ибратли фаолият юритиб, уларнинг барчасида турли балиқлар захиралари мавжуд.
Мутасаддиланинг маълум қилишича, ушбу цехда қайта ишлаш учун маҳсулотларнинг аксарияти Тожик денгизидан етказиб берилади.
Янги бунёд этилган цех ҳовлисида Миллат пешвоси муҳтарам Эмомали Раҳмонга бир неча турдаги тирик балиқлар, балиқ ва товуқ гўштидан тайёрланган консервалар намойиш қилинди.
Айни пайтда Тожикистон Республикаси Ҳукумати қошидаги Махсус мулк билан таъминлаш агентлигининг “Таъминоти моҳӣ” очиқ ҳиссадорлик жамияти музлатгичларида зарур миқдордаги музлатилган балиқ, товуқ консервалари ва бошқа турдаги маҳсулотлар қайта ишлаш ва талаботни таъминлаш учун захира қилиниб, у ерда 80 нафар ишчи меҳнат қилади.
“Моҳии тоҷик” корпорацияси ҳар йили мамлакат Ҳукумати қўллаб-қувватлаши ва кўзда тутилган имтиёзлар асосида вилоятнинг шаҳар ва ноҳияларида фаолият юритаётган балиқчилик хўжаликлари ҳисобидан 200 тоннадан ортиқ балиқ етиштириб, келгусида Суғд вилоятининг Ашт ноҳияси ва Хатлон вилоятининг Носири Хусрав ноҳиясида 45та иш ўрни билан балиқ консерваси ишлаб чиқарувчи яна иккита ана шундай цех таъсис этишни режалаштирган.