Суғд вилояти раҳбарлари ва фаоллари билан иш йиғилиши

10 апрел куни Гулистон шаҳрида Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси – Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон Суғд вилояти раҳбарлари ва фаоллари билан иш йиғилиши ўтказди.
Йиғилиш давомида вилоятнинг муҳим иқтисодиёт тармоқлари фаолиятининг 2024 йил уч ойи якунлари, Тожикистон Республикаси Ҳукуматининг кўрсатма ва топшириқларининг бажарилиши, давлат дастурлари, мамлакатнинг стратегик мақсадларини амалга ошириш ва умуммиллий байрам — Тожикистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги шарафига амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишларининг жараёни таҳлил қилинди, келгуси давр учун вазифалар белгилаб олинди.
Давлат раҳбари муҳтарам Эмомали Раҳмон вилоятнинг қатор шаҳар ва ноҳияларига навбатдаги иш сафари якунларини сарҳисоб қилар экан, Суғд вилоятини ижтимоий–иқтисодий ривожлантириш кўрсаткичлари, жаҳон ҳамжамиятининг тез ўзгариб бораётган ва оғир аҳволи ҳақида фикр билдирди.
Замонавий дунёдаги вазият ҳар биримизни ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ меҳнат қилишга, ташқи омилларнинг миллий иқтисодиётга салбий таъсирининг олдини олиш учун барча захира ва имкониятлардан фойдаланишга ундаётгани таъкидланди.
Давлат раҳбари муҳтарам Эмомали Раҳмон иқлим ўзгариши ва унинг мамлакатимиз иқтисодиётига салбий таъсири, биринчи навбатда, энергетика, саноат, қишлоқ хўжалиги ва озиқ–овқат хавфсизлиги соҳаларида давом этаётганини, бундан ташқари, дунёнинг турли минтақаларидаги низоларнинг кескинлашуви жаҳон иқтисодий муносабатлари, жумладан, бизнинг миллий иқтисодиётимиз тизимига таъсир кӯрсатаётганини таъкидлади.
Шу боис, мамлакат Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон халқ юртимизнинг қулай табиатидан фойдаланиб, мамлакатнинг озиқ–овқат хавфсизлигини ҳимоя қилиш, айниқса, сув ва ердан самарали фойдаланишни таъминлаш учун барча захира ва имкониятларни сафарбар этиши лозимлигини зарур, деб ҳисоблади.
Мамлакатимиз истеъмол бозори ва юқори сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашда Суғд вилояти муҳим ўрин тутади, унинг мамлакатимизда ўсимликчилик умумий ҳажмидаги улуши қарийб 30 фоиз, чорвачиликда 28,7 фоизни ташкил этади.
Давлатимиз раҳбари Суғд вилоятида қишлоқ хўжалиги соҳасидаги вазиятни таҳлил қилиб, камчиликларни бартараф этиш, жумладан, бир қатор экинлар ва боғларнинг ҳосилдорлиги камайганлиги сабабли, давлат ҳокимияти Суғд вилояти ижроия органи раҳбарияти ва соҳа мутасаддиларига топшириқлар берди.
Мамлакат Президенти сўнгги йилларда кутилмаган омиллар, айниқса, мисли кўрилмаган иқлим ўзгариши ва унинг салбий оқибатлари —қурғоқчилик ва сув танқислиги, шунингдек, озиқ-овқат маҳсулотлари нархининг кўтарилиши туфайли аҳолини озиқ-овқат билан таъминлаш тобора қийинлашиб бораётганини эслатиб ӯтди.
– Бу ҳолат бизни, ҳар бир оиладан бошлаб, ижтимоий муассасалар, ишлаб чиқариш хўжаликлари ва хизмат кўрсатиш корхоналаригача, йилнинг барча фаслида, ҳатто ёзда ҳам сув ва электр энергиясидан тежамкорлик билан фойдаланишни қатъий таъминлашга ундайди, – деди Миллат пешвоси муҳтарам Эмомали Раҳмон.
Кузатишлар ва таҳлилларга кўра, 2024 йилда жаҳон ҳамжамияти озиқ-овқат таъминоти нуқтаи назаридан ўтган йилларга қараганда анча қийин вазиятга дуч келади. Бугунги кунда дунёнинг 90дан ортиқ мамлакатлари аҳолиси очлик муаммосидан азият чекмоқда.
Ушбу омилларни инобатга олган ҳолда, Давлат раҳбари муҳтарам Эмомали Раҳмон вилоят, унинг шаҳар ва ноҳиялари раҳбарияти, барча давлат хизматчилари, фаоллар ва умуман, жамият аҳлини жамо ва деҳқон хўжаликлари билан ҳамкорликда экин экиш истиқболларини амалга ошириш, ҳар бир қарич ер ва сувдан самарали фойдаланиш бӯйича чора-тадбирлар кӯришга вазифадор этди.
Мамлакат Президенти мамлакат истеъмол бозорини, саноатни хом ашё билан таъминлаш ва маҳсулот экспорт ҳажмини ошириш учун ер майдонларини кўпайтириш, қайта экиш ва шу тариқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришнинг барқарор ривожланишини таъминлашни юқоридаги муаммони ҳал қилишнинг энг муҳим масалаларидан бири, деб атади.