ИСТАРАВШАН ШАҲРИДА 1-СОНЛИ САЛОМАТЛИК МАРКАЗИНИНГ ФОЙДАЛАНИШГА ТОПШИРИЛИШИ

10 апрел куни Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси – Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон Истаравшан шаҳрида 1-сонли Саломатлик марказининг қўшимча биносини фойдаланишга топширди.
Соғлиқни сақлаш соҳасининг янги биноси Тожикистон Республикаси давлат Мустақиллигининг 35 йиллиги истиқболига амалга оширилаётган чора-тадбирлар режаси доирасида замонавий дизайнда бунёд этилиб, 36та хона ва бошқа ёрдамчи иншоотлардан иборат.
Миллат пешвоси муҳтарам Эмомали Раҳмон янги бунёд этилган бинода яратилган шароит билан танишиб, соғлиқни сақлаш соҳаси ходимлари келгусидаимкониятлардан фойдаланган ҳолда аҳолига биринчи тиббий-санитар ёрдам кўрсатиш борасидаги фаолиятини янада такомиллаштириши зарурлигини таъкидлади.
Саломатлик маркази қўшимча биносининг биринчи қаватида доривор гиёҳлар билан даволаш бурчаги, суннат хонаси, жарроҳлик, ултратовуш, терапевт кабинетлари ва имконияти чекланган болаларга хизмат кўрсатиш бўлими, иккинчи қаватда ЭКГ, асабшунос, ревматолог, эндокринолог, лор, офталмолог ва онколог кабинети, учинчи қаватда маъмуриятнинг иш кабинетлари, 130 ўринли мажлислар зали ва бино ертўласида эса массаж, игна қўйиш, электрофорез кабинетлари билан физиотерапия ва реабилитация бўлимлари ҳамда спорт зали жойлашган.
Янги бунёд этилган бинодаги барча иш кабинетлари замонавий ташхис қўйиш ва даволаш ускуналари билан жиҳозланган ва соҳа мутахассислари улардан фойдаланган ҳолда самарали фаолият юритадилар.
Айни пайтда Истаравшан шаҳрининг 1-сонли Саломатлик марказида 120 нафар ходим, жумладан, 14 нафар оилавий шифокор, 21 нафар оилавий тиб ҳамшираси, 20 нафар тиб ҳамшираси ва 27 нафар соҳа мутахассислари фаолият юритиб, бириктирилган минтақада 32 минг нафар аҳолига тиббий-санитар хизмат кўрсатадилар.
Эслатиб ўтамиз, 1-сонли Саломатлик марказининг асосий биноси 1970 йилларда қурилган.
Аҳоли сонининг ортиши, оилавий ва соҳа шифокорлари учун иш кабинетлари етишмаслиги қўшимча бино қуриш заруратини вужудга келтирди. Шу муносабат билан 2019 йили давлат ҳокимияти Истаравшан шаҳри ижроия органи буюртмаси билан мазкур бинода қурилиш ишлари бошланиб, маҳаллий қурувчилар томонидан замон талабларига мувофиқ ниҳоясига етказилди.
Давлат бошлиғи муҳтарам Эмомали Раҳмон соғлиқни сақлаш соҳасининг яна бир замонавий биносининг очилишини Тожикистон Республикаси Ҳукуматининг қадимий Истаравшан шаҳри аҳолисига қимматбаҳо совғаси деб баҳолади.