ИСТАРАВШАН ШАҲРИДА ЕТИМ БОЛАЛАР БИЛАН МУЛОҚОТ

Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси – Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон иш сафари доирасида Истаравшан шаҳрида етим болалар билан учрашиб, уларга қимматли совғалар топширди.
Давлат бошлиғи муҳтарам Эмомали Раҳмон етим болалар билан самимий суҳбат чоғида етимлар, қаровчисиз қолганлар, кам таъминланган оилалар, имконияти чекланган шахсларга ғамхўрлик қилиш ва уларни қўллаб-қувватлаш ҳамда аҳолининг ушбу қатламига зарур шароитлар яратиб бериш Тожикистон Республикаси Ҳукумати сиёсатида муҳим ўрин тутишини таъкидлади.
Тақдир ҳукми билан ота-она меҳридан маҳрум бўлган етим болаларга байрам дастурхони ёзилиб, пул совғалари, мактаб либослари ва ширинликлар тақдим этилди.
Етим болалар суҳбат чоғида Миллат пешвоси муҳтарам Эмомали Раҳмонга кўрсатилаётган доимий ғамхўрлик учун миннатдорчилик билдирдилар.
Давлат бошлиғи муҳтарам Эмомали Раҳмон болаларни яхши ва аъло баҳоларга ўқишга, билим ва касбу ҳунар, хусусан, хорижий тиллар ва замонавий технологияларни ўзлаштиришга чақириб, Тожикистон Республикаси Ҳукумати ҳеч қачон етимлар, қаровчисиз қолганлар, ногиронлар ва эҳтиёжманд оилаларни ёлғиз қолдирмай, уларга доимий ғамхўрлик кўрсатиб, мустақил ҳаётга кузатишини таъкидлади.
Айни пайтда Истаравшан шаҳрида 116 нафар етим болалар қайд этилган бўлиб, 21 нафари ҳам ота ҳам онасидан маҳрум бўлган балоғатга етмаган болалардир.