ИСТАРАВШАН ШАҲРИДА “НУР-ПАК” МАСЪУЛИЯТИ ЧЕКЛАНГАН ЖАМИЯТИНИНГ ПОЛИПРОПИЛЕН ҚОПЛАР ИШЛАБ ЧИҚАРИШ КОРХОНАСИНИНГ ОЧИЛИШИ

10 апрел куни Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси – Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон Истаравшан шаҳрида “Нур-Пак” масъулияти чекланган жамиятининг полипропилен қоплар ишлаб чиқариш корхонасини фойдаланишга топширди.
Янги саноат корхонаси Тожикистон Республикаси давлат Мустақиллигининг 35 йиллиги истиқболига белгиланган чора-тадбирлар режаси ва тўртинчи стратегик умуммиллий мақсад – мамлакатни жадал суръатларда саноатлаштиришни ҳаётга татбиқ этиш доирасида тадбиркор ака-ука Мусоевлар ҳиссаси билан бунёд этилган.
Корхонада илғор мамлакатлардан келтирилган 2та замонавий линия маҳаллий мутахассислар томонидан ўрнатилиб, 5 килограмдан 70 килограмгача ўлчамли полипропилен қоплар ишлаб чиқарилади.
Корхонада ишлаб чиқарилган маҳсулот импорт ўрнини босувчи бўлиб, унинг йўлга қўйилиши мамлакат хорижидан келтирилган маҳсулотга нисбатан кўплаб афзалликларга эга. Айни пайтда ишчилар сони 30 нафарни ташкил қилиб, тадбиркор халқаро Наврўз байрамигача ушбу миқдорни 100 нафарга етказишга вазифадор қилинди. Уларнинг 80 фоизини хотин-қизлар ташкил қилади.
Давлат бошлиғи муҳтарам Эмомали Раҳмонга корхонанинг ишлаб чиқариш салоҳияти бир йилда 4 миллиондан 6 миллион донагача турли ўлчамлардаги полипропилен қоплар ишлаб чиқаришга тенг эканлиги маълум қилинди.
Ишлаб чиқариладиган маҳсулотнинг барча тури сифат жиҳатидан халқаро стандартларга жавоб беради ва ички бозорларга тақдим этилиши бараварида мамлакат хорижига ҳам экспорт қилинади.
Мазкур корхона биноси 2500 метр квадрат майдонда юқори сифатли маҳаллий қурилиш материаллардан фойдаланган ҳолда қурилган.
Корхонада ишлаб чиқариладиган полипропилен қоплар юқори сифатли бўлиб, ғалла, картошка, пиёз ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини захира қилиш учун мўлжалланган.
Полипропилен қоплар ишлаб чиқариш корхонасининг ташкил этилишидан мақсад Суғд вилояти ишлаб чиқариш иқтидорини кучайтириш ва мамлакат бозорларини маҳаллий маҳсулотлар билан таъминлаш, деб баҳоланди.
Мазкур корхонада 30 ўринли ошхона, кийим алмаштириш ва бошқа хоналар мавжуд бўлиб, уларнинг барчаси стол-стул ва бошқа замонавий жиҳозлар билан таъминланган.
Шу ернинг ўзида Миллат пешвоси муҳтарам Эмомали Раҳмонга мазкур корхонада ва Истаравшан шаҳрининг бошқа саноат корхоналарида ишлаб чиқарилган маҳсулотлар намунаси намойиш этилди.
Давлат бошлиғи муҳтарам Эмомали Раҳмон “Нур-Пак” масъулияти чекланган жамиятининг янги бунёд этилган корхонасида ишлаб чиқарилган маҳсулот сифатига юксак баҳо берди. Шу билан бирга, тадбиркорлар ва ишчиларга маҳаллий маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ва мамлакат хорижига экспорт қилиш бўйича фойдали маслаҳатлар берилди.