ИСТАРАВШАН ШАҲРИДА 8-СОНЛИ “ТАБАССУМ” МАКТАБГАЧА ТАЪЛИМ МУАССАСАСИНИНГ ОЧИЛИШИ

10 апрел куни Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси – Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон Истаравшан шаҳри “Гули сурх” қишлоғининг “Равғангарон” маҳалласида 8-сонли “Табассум”болалар боғчасини фойдаланишга топшириб, у ерда яратилган шароитлар билан танишди.
“Табассум” болалар боғчаси Тожикистон Республикаси давлат Мустақиллигининг 35 йиллиги истиқболига маҳаллий тадбиркорлар ва қишлоқнинг саховатпеша инсонлари ҳиссасида ҳашар йўли билан қурилиб, 140 нафар кичкинтойларни таълим-тарбия билан қамраб олиш учун мўлжалланган.
Болалар боғчасида 5та гуруҳ амал қилади ва болаларга 22 нафар тажрибали мураббиялар қизиқарли машғулотлар ташкил этиш билан тарбия берадилар. Болалар боғчасида машғулотлар давлат тилида ҳамда рус ва инглиз тилларида йўлга қўйилган.
Тарбияланувчиларнинг машғулотлари ва дам олишлари учун мўлжалланган кенг хоналар ётоқ жиҳозлари, стол-стуллар ва ўйинчоқлар билан таъминланган бўлиб, кичкинтойларнинг ранг-баранг оламига мос равишда юксак эстетик дид билан безатилган.
Миллат пешвоси муҳтарам Эмомали Раҳмон мактабгача таълим муассасаси тарбияланувчиларига совғалар улашиб, болалар боғчасининг таъсис этилишини ўзлигини англаган ва ватанпарвар соғлом авлод тарбиялашда самарали ташаббус деб баҳолади.
Қишлоқ аҳолисининг келажак қурувчилари бўлган авлоднинг эртанги куни учун муҳим аҳамиятга эга бўлган болалар боғчаси бунёд этиш бўйича биргаликдаги ташаббуси ибрат намунаси деб номланди. Чунки, илгари Равғангарон қишлоғида болалар боғчаси бўлмаган ва аҳоли ўз фарзандларини шаҳар ва бошқа қишлоқлардаги болалар боғчаларига олиб боришган. Болалар боғчаси биносининг қад ростлаши билан қишлоқ аҳолисининг бир неча йиллик муаммоси ўз ечимини топди.
Янги бунёд этилган болалар боғчаси ҳудудида шийпончалар, ўйин майдончалари ва сузиш ҳавзаси қурилиб, тарбияланувчиларнинг мароқли ҳордиқ чиқариши учун муносиб шароитлар яратилган.
Мутасаддиларнинг маълум қилишларича, Истаравшан шаҳри ҳудудида 1900 нафар тарбияланувчиларни қамраб олган 15та мактабгача таълим муассасаси мавжуд бўлиб, ушбу миқдордан олтитаси хусусий болалар боғчасидир. Шунингдек, 1280 нафар болалар мактабга тайёрланиш учун ўрта умумтаълим муассасалари қошидаги болалар ривожланиш марказларига жалб этилган.