ИСТАРАВШАН ШАҲРИДА ИСМОИЛ СОМОНИЙ НОМИДАГИ МАДАНИЯТ ВА ИСТИРОҲАТ БОҒИ ҲАМДА ШОҲ ИСМОИЛ СОМОНИЙ ҲАЙКАЛИ ОЧИЛИШИ

Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси – Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон Истаравшан шаҳрида тожиклар давлати асосчиси шоҳ Исмоил Сомоний ҳайкали юзидан пардани кўтариш билан Исмоил Сомоний номидаги маданият ва истироҳат боғини фойдаланишга топширди.
Ушбу дам олиш ва ҳордиқ чиқариш маскани Тожикистон Республикаси Ҳукуматининг қўллаб-қувватлаши билан аҳолининг дам олиши ва ҳордиқ чиқариши, болалар ва ўсмирлар учун машғулотлар ўтказиш учун зарур шаротилар яратиш мақсадида 4,5 миллион сомоний маблағ эвазига 2,4 гектар майдонда замонавий талаблар ва юксак меъморчилик санъатини инобатга олган ҳолда бунёд этилиб, Истаравшан шаҳри ҳуснига ўзгача чирой бағишлади.
Қурилиш ишлари давлат ҳокимияти Истаравшан шаҳри ижроия органи буюртмаси билан 2023 йилда бошланиб, “Тожикистон Республикаси давлат Мустақиллигининг 20 йиллиги” клубининг жамият ташкилоти томонидан 2 йил мобайнида қурилди. Қурилиш ишлари жараёнида 100 нафар маҳаллий усталар доимий иш билан таъминланди.
Бош режага кўра, истироҳат боғида баландлиги 12 метр бўлган шоҳ Исмоил Сомоний ҳайкали ўрнатилди.
Аҳоли, меҳмонлар ва сайёҳларнинг мароқли дам олиши ва ҳордиқ чиқариши учун кенг йўлаклар, кўркам хиёбонлар, ўриндиқлар, шийпончалар ва жисмоний тарбия билан шуғулланувчилар ҳамда болалар машғулот ўтказишлари учун махсус жойлар ташкил этилган. Оқшом чоғида маданият ва истироҳат боғининг кўриниши ниҳоятда гўзал ва жозибали бўлиб, турли рангдаги ёритиш лампалари ва ускуналари ўрнатилган 70та устун иншоот ҳуснига ўзгача файз қўшмоқда.
Маданият боғининг теварак-атрофи панжара билан ўралган бўлиб, кириш қисмидаги дарвозалар юксак меъморчилик санъати билан безатилган.
Маданият боғининг турли мавзеларига 1000 туп доимояшил манзарали дарахтлар ва мавсумий гуллар экилиб, боғ майдони майса билан қопланган. Дарахтлар, гул ва буталар томчилатиб усули билан суғорилиб, янги боғ йўлакларига юксак меъморий санъат билан сопол плиткалар ётқизилган.
Истаравшан шаҳрининг Исмоил Сомоний номидаги маданият ва истироҳат боғини тожиклар давлатчилигига ҳурмат эҳтиром кўрсатилган дам олиш маскани сифатида талқин қилиш мумкин.
Истаравшан шаҳри аҳолиси бу каби гўзал маданий ва дам олиш маскани бунёд этилишини яна бир эзгу ташаббус, мустақил Тожикистонда бунёдкорлик ишлари кенгайиб бораётганининг далили, жамият тинчлиги ва барқарорлиги ҳамда яратувчанлик мақсадлари шарофати деб баҳоладилар.