ИСТАРАВШАН ШАҲРИДА ХАЛҚ ҲУНАРМАНДЧИЛИГИ МАҲСУЛОТЛАРИ КЎРГАЗМАСИГА ТАШРИФ
Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси – Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон Истаравшан шаҳрига иш сафари давомида ва Исмоил Сомоний номидаги маданият ва истироҳат боғининг фойдаланишга топширилганидан сўнг Истаравшан шаҳри аҳолисининг халқ ҳунармандчилиги маҳсулотлари ва миллий таомлари кўргазмасини кўздан кечирди.
Кўргазма иккита алоҳида раста ва 20та чодирларда ташкил этилиб, у ерда нон ва миллий таомлар, ширинликлартайёрлаш усули, шунингдек, қадимий ҳунармандчилик, каштачилик, зардўзлик ва бошқа буюмлар намойиш этилди.
Истаравшан шаҳрида халқ ҳунармандчилигининг 160та тури мавжуд бўлиб, айни пайтда 105та халқ ҳунармандчилиги касби бўйича маҳсулотлар тайёрланади.
Моҳир қўллар меҳнати маҳсули бўлган наққошлик, ёғоч ўймакорлиги, ёғочдан ясалган сувенирлар, торли чолғу асбоблари, сандиқчилик, мисгарлик, темирчилик, пичоқчилик, чармчилик, кулолчилик, заргарлик, тароқчилик, рассомчилик, каштачилик, зардўзлик, дўппичилик, сўзанадўзлик, адрас ва атлас, гилам тўқиш ҳунарлари буюмлари, миллий либослар кўргазмага ўзгача тароват бағишлади.
Шу билан бирга боғнинг алоҳида бурчакларида усталар томонидан катта қозонларда новвот, парварда, нишолда, ҳолва, турли ширинликлар, қандолатчилик маҳсулотлари, патир, қатлама, сомса тайёрлаш, майизни қуритиш усуллари намойиш қилинди.
Миллат пешвоси муҳтарам Эмомали Раҳмон Истаравшан шаҳри ҳунармандлари билан самимий суҳбат қуриб, ҳунар аҳли эътиборини маҳсулот тайёрлашда янада кенгроқ ижодий фантазияларни қўллаш, ҳунарни ривожлантириш ва шогирдлар тайёрлашга жалб этди.
Ҳозирги замон талабларига мос қадимий халқ ҳунармандчилиги фан ва техника ҳамда ишлаб чиқариш тараққиёти даврида ҳам ўз аҳамиятини сақлаб келаётгани ва унга талаб кучли экани таъкидланди.
Истаравшан шаҳри географик нуқтаи назардан Буюк ипак йўли минтақасида жойлашган бўлиб, асрлар давомида ҳунармандчилик санъатининг 160 тури сақланиб қолган ҳунармандлар шаҳри сифатида маълум ва машҳур бўлган.
Қайд этиш жоизки, Тожикистон Республикаси мустақилликни қўлга киритганидан сўнг халқ ҳунармандчилигини тиклаш ва ривожлантиришга жиддий эътибор қаратилиб, Миллат пешвоси муҳтарам Эмомали Раҳмоннинг бевосита ташаббуси ва қўллаб-қувватлашида Истаравшан шаҳрида “Халқ ҳунармандчилиги республика коллежи” таъсис этилди.
Бугунги юзлаб турдаги халқ ҳунармандчилиги ва моҳир қўл меҳнати маҳсулотлари тақдимоти тожикларнинг чинакам санъати намойишидир.