ИСТАРАВШАН ШАҲРИ МАДАНИЯТ ҚАСРИНИНГ ОЧИЛИШИ

10 апрел куни Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси – Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон Суғд вилояти шаҳар ва ноҳияларига иш сафари доирасида Истаравшан шаҳри Маданият қасрининг янги биносини ишга туширди.
Маданият қасри 50 сотиқ майдонда бунёд этилиб, бино қурилиши остидаги майдон 1800 метр квадратни ташкил қилади.
Иншоот Суғд вилояти Асосий қурилиш идораси буюртмаси билан “КСМ-2020” МЧЖ томонидан бунёд этилган.
Истаравшан шаҳри Маданият қасри биносида 30 нафар фуқаро доимий иш билан таъминланган. Қурилиш ишлари жараёнига 150 нафар қурувчилар жалб қилинган.
Мазкур бино ертўла ва икки қаватдан иборат бўлиб, унинг ертўласида рақс ва шашмақомчилар ансамбллари, эстрада ва фолклор гуруҳлари учун энг яхши имкониятлар яратилган.
Биринчи қаватда 1000 ўринли кенг ва очиқ концерт зали жойлашган бўлиб, иккинчи қаватда иш кабинетлари ва кутубхона мавжуд.
Маданият қасри ўзига хос миллий меъморчилик услубида қурилган бўлиб, унинг ичкари қисми диққатни жалб этувчи юксак маҳорат билан гачкорлик қилинган. Бинонинг ташқи кўриниши шаҳар ҳуснига ўзгача ҳусн қўшмоқда.
Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон мавжуд шароитлар билан танишув ва соҳа мутахассислари билан суҳбат чоғида Тожикистон Республикаси Ҳукумати маданият соҳаси ривожига алоҳида эътибор қаратиб, истеъдодли ёшларни санъатга жалб этиш мақсадида муҳим чора-тадбирларни изчил амалга ошираётганини таъкидлади.
Мазкур бино Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмоннинг дастур ва топшириқлари асосида ва Тожикистон Республикаси давлат Мустақиллигининг 35 йиллиги истиқболига тўлиқ қайта қурилди.
Маданият соҳаси иншооти ҳовлиси доимояшил дарахтлар ва турли мавсумий гуллар билан безатилган.
Шу ерда Миллат пешвоси муҳтарам Эмомали Раҳмон санъат аҳлига соҳа ривожида муҳим ўрин тутган 30 турдаги мусиқа асбоблари совға қилди.
Замонавий шароитлар яратилган иш кабинетлари мавжуд бу каби гўзал ва ҳашаматли бино Истаравшан шаҳри санъаткорларининг азалий орзуси эди.
Санъат аҳли Миллат пешвосининг маданият соҳасига кўрсатаётган эътибори ва ғамхўрлигига самимий эҳтиром ва миннатдорчилик рамзи сифатида янги бунёд этилган Истаравшан шаҳри Маданият қасрининг ҳашаматли концерт залида жозибали ва ранг-баранг маданий дастур намойиш этдилар.
Давлат бошлиғи муҳтарам Эмомали Раҳмон санъаткорлар томонидан тақдим этилган Мустақиллик даври ютуқлари, бирдамлик ва ҳамжиҳатлик, мустақил Тожикистон ривожу равнақини ўзида мужассам этган маданий дастурга юксак баҳо берди.