СУҒД ВИЛОЯТИДА МЕҲНАТ ВА АҲОЛИ БАНДЛИГИ АГЕНТЛИГИ ҚОШИДА КАСБ ЎРГАНИШ ВА ХИЗМАТ КЎРСАТИШ МАРКАЗИНИНГ ОЧИЛИШИ
11 апрел куни Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси – Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон Суғд вилояти шаҳар ва ноҳияларига иш сафари доирасида Хужанд шаҳрида рамзий лавҳа юзидан пардани кўтариш билан замонавий ва миллий ҳамда халқаро стандартларга жавоб берадиган дизайнда бунёд этилган касб ўрганиш ва хизмат кўрсатиш марказини ишга туширди.
Касб ўрганиш ва хизмат кўрсатиш маркази биноси Суғд вилоятидаги Меҳнат ва аҳоли бандлиги агентлиги бошқармаси қошида 3200 метр квадрат майдонда бунёд этилган.
Мазкур марказда яратилган шароит 200 нафаргача фуқароларга икки сменада таълимни йўлга қўйиш ва шу тариқа бир йилда 2400 нафардан ортиқ фуқароларни касб ўрганиш билан қамраб олиш имконини беради.
Касб ўрганиш ва хизмат кўрсатиш маркази 25та компютер ўрнатилган кенг синфхоналар, тажриба ўрганиш зали, кўп функцияли зал, маслаҳат хоналари, санитар-гигиеник нуқталар, маъмурият кабинетлари, 3та ўқув устахонаси, имконияти чекланганлар учун кутубхона, 150 ўринли мажлислар зали ва бошқа ёрдамчи иншоотлардан иборат.
Янги бунёд этилган кўркам ва замонавий дизайндаги бино Миллат пешвоси муҳтарам Эмомали Раҳмоннинг дастур ва ҳидоятлари доирасида Тожикистон Республикаси давлат Мустақиллигининг 35 йиллиги истиқболига янги иш жойларини таъсис этиш, аҳолининг касбий маҳоратини ошириш ва доимий бандлик билан қамраб олиш мақсадида бунёд этилди.
Иншоот 3 қаватдан иборат бўлиб, Тожикистон Республикаси Ҳукумати ва тараққиёт бўйича шериклар ўртасидаги икки томонлама ҳамкорликлар доирасида касбий маҳоратни ошириш бўйича ишлаб чиқаришга сармоя жалб қилиш мақсадида амалга оширилди.
Мазкур иншоот қурилиши 2022 йилнинг август ойида бошланиб, юқори сифатда ва белгиланган муддатда қуриб битказилди. Марказ ишга туширилгач, 50 нафар фуқаро доимий иш жойи билан таъминланди.
Миллат пешвоси муҳтарам Эмомали Раҳмонга маълум қилишларича, марказ 5 турдаги касб, жумладан, электр устаси, пайвандчи, сувоқчи ва қуёш панелларини ўрнатиш усталари касбини ўргатиш бараварида корейс, инглиз ва рус тилларини ўзлаштиришни ҳам йўлга қўйганки, ҳар бир талаба ўқишни тамомлагандан сўнг халқаро сертификат эгаси бўлади. Шу билан бирга, бинода пайвандлаш, пардозлаш ва электр ускуналарини сақлаш устахоналари ҳам жойлашган.
Касб ўрганиш ва хизмат кўрсатиш марказида назарий ва амалий машғулотлар йўлга қўйилган. Мазкур марказда яратилган шароитлар ёшидан қатъий назар касб ўрганиш истагида бўлганларга бу ерда бепул таълим олиш имконини беради.
Янги бунёд этилган иншоот барча зарур жиҳоз ва ускуналар билан таъминланган бўлиб, у ерга 36та кузатув камералари ўрнатилган.
Шунингдек, замонавий бино ҳовлисида футбол ўйини майдончаси бунёд этилиб, унинг теварак-атрофи турли мавсумий гуллар билан безатилган.
Иншоотда бинони ҳар доим электр энергияси билан таъминлаш имконини берадиган қуёш панеллари ўрнатилган. Шу билан бирга, синфхоналар ва бошқа ёрдамчи хоналар иситиш тизимига уланган бўлиб, қиш фаслида бино ичкариси иссиқлик билан таъминланади.
Тожикистон Республикаси Президенти, Миллат пешвоси муҳтарам Эмомали Раҳмон янги бунёд этилган иншоот билан танишув чоғида мутасаддиларга аҳолини доимий бандлик билан қамраб олиш, мамлакат ва хориждаги меҳнат бозорлари талабларига жавоб берадиган мутахассислар тайёрлаш бўйича дастур ва топшириқлар берди.