ХУЖАНД ШАҲРИДА “НАВРЎЗИ ИСТИҚЛОЛ” МАКТАБГАЧА ТАЪЛИМ МУАССАСАСИ ЯНГИ БИНОСИНИНГ ОЧИЛИШИ
11 апрел куни Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси – Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон Хужанд шаҳрида “Наврўзи Истиқлол” мактабгача таълим муассасасининг янги биносини фойдаланишга топширди.
Мактабгача таълим муассасасининг янги замонавий биноси Суғд вилояти марказида Миллат пешвоси муҳтарам Эмомали Раҳмоннинг дастур ва ҳидоятлари асосида Хужанд шаҳри “Асосий қурилиш идораси” давлат коммунал корхонаси томонидан бир йил ичида кўркам ва замонавий дизайнда қурилган.
Болалар боғчаси уч қаватдан иборат бўлиб, таълим-тарбия жараёни 3 тилда – тожик, рус ва инглиз тилларида олиб борилади.
Маориф соҳаси иншоотидаги қурилиш ишлари 2023 йилда бошланиб, юқори сифат ва даражада ниҳоясига етказилди. Қурилиш давомида 40 нафардан ортиқ маҳаллий усталар вақтинчалик иш жойи ва яхши маош билан таъминландилар.
“Наврўзи Истиқлол” болалар боғчасининг қўшимча биносида 16 гуруҳда 480 нафар ва муассасанинг асосий биносида 360 нафар, жами 840 нафар кичкинтойлар таълим-тарбия билан қамраб олинади.
Айни дамда 32 нафар тажрибали ўқитувчи ва мураббиялар болалар билан машғулотлар ўтказмоқдалар ва келгусида уларнинг сони янада кўпайтирилади.
Болалар боғчасида ҳар бир машғулот синфи олдида болалар ухлаши ва дам олиши учун алоҳида хоналар мавжуд.
Муассаса ошхонаси асосий бинога уланган бўлиб, бир вақтнинг ўзида 480 нафар болалар учун мўлжалланган.
Асосий бинода музей ҳам мавжуд бўлиб, у ерда Миллат пешвоси муҳтарам Эмомали Раҳмоннинг суратлари ва бошқа тарихий суратларни сақлаш кўзда тутилган.
Болалар боғчасида 210 ўринли, замонавий дизайн ва замон талаблари асосида жиҳозланган тасвирий филмлар томоша қилиш учун кинотеатр ҳам бунёд этилган. Шу ерда Миллат пешвоси муҳтарам Эмомали Раҳмон болалар боғчаси тарбияланувчилари билан самимий суҳбат қурди.
Давлат бошлиғи муҳтарам Эмомали Раҳмон ўқув хоналари, болаларнинг ухлаш ва дам олиш хоналарини кўздан кечириб, болалар боғчаси мутасаддиларига болаларни тўғри тарбиялаш бўйича кўрсатма ва фойдали маслаҳатлар берди.
Болалар боғчасининг умумий майдони 5800 метр квадратни ўз ичига олиб, ундан 1476 метр квадрати бино қурилиши остидаги ер майдонидир.
Машғулотлар хоналари кичкинтойлар дунёсига хос бўлган Ватанга ва афсонавий қаҳрамонларга муҳаббат ва самимиятни ифодаловчи шиорлар билан безатилган.
Шу куни болалар қувончи ва шодлигининг чеки йўқ эди, чунки уларга шахсан Миллат пешвоси ўз қўллари билан ширинликлар ва ўйинчоқлардан иборат байрам совғалари улашди.
Ушбу муассасада 46 нафар мутахассис доимий иш жойи билан таъминланди.
“Наврўзи Истиқлол” мактабгача таълим муассасаси ҳовлисида 16та шийпонча, фаввора, болалар саломатлиги ва спорт билан шуғулланишлари учун қулай бўлган 1та сузиш ҳавзаси мавжуд.
Шу билан бирга, кичкинтойларнинг ўйнаши ва ҳордиқ чиқариши учун янги ва замонавий жиҳозлар ўрнатилиб, улардан самарали фойдаланилади.
Танишув чоғида Давлат бошлиғи муҳтарам Эмомали Раҳмонга хоналар имкониятлари намойиш қилиниб, болалар таълим-тарбияси учун муносиб шароитлар яратиш мақсадида барча синфхоналар энг замонавий жиҳозлар ва кўргазмали қуроллар билан таъминлангани ҳақида маълумот берилди.
Ўқитувчилар ва мураббийлар мазкур болалар боғчаси қурилишини улуғ миллий байрам – Тожикистон Республикаси давлат Мустақиллигининг 35 йиллигига арзирли совға, деб баҳолаб, ана шундай шароитлардан фойдаланган ҳолда болаларни ватанпарварлик, тожик халқининг бой тарихига эҳтиром, мустақиллик даврида эришилган ютуқларни муҳофаза қилиш ва юртимиз ободлигига ҳисса қўшиш руҳида тарбиялашга ваъда бердилар.